Муаммога жойида ечим топиш керак

04.06.2021 13:06:02

Ўзбекистон “Адолат” СДП Оқолтин туман Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги лойиҳада ишчи гуруҳи ана шундай мақсадни кўзлади. Яъни “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳасини ўтказиш жараёнида аниқланган масалага кутиб ўтирмасдан зудлик билан ечим топиш. Дастлабки манзил эса туманнинг “Кўркам диёр” маҳалласи бўлди. Ҳудудда жойлашган 14 та кўп қаватли хонадонга ташриф буюрилиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказилганида ишчи гуруҳига “Интилиш” кўчаси 8 сонли кўп қаватли уйда ичимлик суви билан боғлиқ муаммо борлиги юзасидан мурожаат қилинди. Масала ўрганилганида ҳақиқатан  мазкур уйга  ичимлик суви қувурлари  уланмаганлиги маълум бўлди. Яъни фуқаролар Жамшид Ҳушвақтов, Отабек  Канаев ва Нодира Бозорбаевалар ўз мурожаатида   маҳалладаги мавжуд барча уйларга Жиззах вилоятининг Зомин туманидан олиб келинган янги сув қувурларига уланганлиги лекин икки қаватдан иборат  8-уйга  сув қувурлари ўрнатилиши пайсалга солиб келинаётганини таъкидлаб ўтишди.  

Мазкур масалани батафсил ўрганган лойиҳа иштирокчилари тезкорлик билан туман сув таъминоти МЧЖ раҳбари П.Кўракбаевга депутатлик сўрови юбориш тўғрисида келишиб олишди. Яъни, халқ депутатлари Оқолтин туман Кенгаши депутати  Шаҳзод Мирзааҳмедов томонидан 26.05.2021 йил куни №06/04-сонли депутатлик сўровини юборди. Натижада шу куннинг ўзидаёқ  “Интилиш” кўчасидаги 8 сонли уйга  ичимлик  суви қувурларини  улаш ишлари бошлаб юборилди.  Кун ниҳоясида тугаган таъмирлаш ишлари ўз самарасини бериб  икки қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди. Аҳолининг мурожаатига тезкорлик билан жавоб бера олган депутат Шаҳзод Мирзааҳмедовдан мазкур мурожаат эгалари миннатдор бўлди. Энг муҳими  “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси сабаб муаммога жойида ечим топилди.  

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+