Муаммони яшириш эмас, ҳал қилиш керак

11.07.2021 13:07:39

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашида ўтказилган навбатдаги матбуот анжумани ўзида ана шундай мақсадни ифодалади, дейиш мумкин. Чунки партия ҳудудий Кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини таҳлил қилиш фурсати келди. Яъни, жорий йилнинг олти ой мобайнида эришилган ютуқлар билан биргаликда камчиликларимиз, фаолиятда сусткашликка йўл қўяётган ҳолатларимиз етарлича. Бир гуруҳ журналист ва блогерлар иштирокидаги давра карантин қоидаларига амал қилинган холда онлайн тартибда ташкил этилар экан, савол-жавоблар ҳам шу тариқа олиб борилди.

Дастлаб партия вилоят Кенгаши томонидан олиб борилган ишлар  ҳисоботини вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Беҳзод Абдуллаев ўқиб эшиттирди.

-Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ва туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар, йўл харитасида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасининг  мазмун-моҳиятини ўрганиш юзасидан жами 131 та тадбир ҳамда 80 дан ортиқ учрашувлар  ўтказилди. Жорий йилнинг олти ойи давомида партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 201 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1943 та хонадон ва 15 та хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 265 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 189 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 70 дан ортиқ масала ўз ижобий ечимини топди. 30дан ортиқ мурожаатлар мутассадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. 41га яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди, 141 та мурожаатлар ечими устида амалий ишлар олиб борилмоқда хамда ижроси кутилмоқда.

Вақтинча ишламайдиган ва ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларини партиянинг “Бир ойда - бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар ҳамда аёллар маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 65 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида жойларда ҳар битта партия ходимлари ва депутатлик корпуслари биттадан маҳаллага бириктирилди.

Хусусан, лойиҳа доирасида жами 19  маротаба ҳудудларда тадбирлар хамда учрашувлар уюштирилиб 40 га яқин муоммоларни ҳал этишда кўмак берилди хамда 200 нафарга яқин аёлларни қамраб олишга эришилди, дея партия лойиҳаларининг амалиётдаги ижроси ҳақида маълумот бериб ўтди.

Матбуот анжумани давомида халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг олти ойлик давр мобайнидаги фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Бу борада халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродов ҳисобот берди.

-Ҳозирда халқ депутатлари вилоят Кенгашида саккиз нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 48 нафар депутатлар фаолият кўрсатмоқда. Биз депутатлар бу давр мобайнида тегишлилиги бўйича 189 та депутатлик сўровини мутассадди ташкилотларга йўлладик. Шундан 51 таси амалий натижа берган бўлса қолганлари ўрганиш жараёнида. Тан олиб айтиш керакки, вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлар сони билан таққослаганда бу кўрсаткич қониқарсиз ҳисобланади. Шу сабабали биз фаоллик кўрсатмаётган депутатларга фаол депутатларни бириктириш орқали сайловчиларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқдамиз, - деди савол жавоблар жараёнида депутат Салоҳиддин Элмуродов.

“Kun.uz”нинг Жиззах ва Сирдарё вилояти бўйича муҳбири Шуҳрат Юнусов эса берилган ҳисоботлар юзасидан - партия томонидан қилинган ишлар фақат рақамларда бўлиб қолмаяптими, амалдаги лойиҳалар ва ўрганишлар  қандай натижа бераяпти,  дея савол берди.

-Масалан “Аёллар дафтари” буйича 5 июль ҳолатига кўра жами 39 маротаба ўрганишлар, 21 тадбирлар ташкил этилди. Ўрганишлар давомида Гулистон шаҳар “Боғи шамол” маҳалласида яшовчи Абдураимова Салима Эркинбаевна, Сайхунобод туман Кенгаши томонидан Сайхунобод туман ”Пахтаобод” маҳалласида яшовчи 06.10.1984 йилда туғилган Иманова Райхон Турсунбаевна, 06.10.1984 йилда туғилган Исроилова Юлдузхон Турсуновна, “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи 17.11.1979 йилда туғилган Диярова Ҳилола Абдалимовалар каби жами 53 нафар аёлларга  “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилишда амалий ёрдам берилди. Бу ҳаммаси эмас. Аслида партия фаоллари томонидан амалга оширилган ишлар рақамларда ҳам ифода топиши керак. Бу фаолиятимизни бошқа сиёсий партиялар фаолияти билан таққослаганда асосий мезон бўлиб хизмат қилади - дея жавоб берди Беҳзод Абдуллаев ушбу саволга.

Шу тариқа таҳлилий саволларга аниқ мисоллар билан жавоб берилди, ўртага ташланган масала ва таклифлар муҳокама қилинди. Мазкур матбуот анжумани сабаб партия вилоят Кенгаши  ва депутатлик гуруҳи аъзоларининг фаолиятидаги баъзи бир камчилиликлар ҳам эътибор марказига олинди. Энг муҳими муаммони яшириш эмас, ҳал қилиш керак, деган хулосага келинди.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

матбуот котиби

      

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+