Муҳаммад Юсуфни соғинган Андижон

26.04.2022 12:04:48

Андижонда эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллигига бағишланган адабий-бадиий  тадбирлар  бўлиб ўтмоқда. Жумладан, эрталабда Марҳамат туманидаги шоир уй-музейида жам бўлганлар ҳассос қаламкашнинг шеърий битиклари янглиғ содда, самимий ва бетакрор хотиралари билан кўнгил изҳорларини билдиришди.

Тадбирда сўз олганлар бетакрор истеъдод соҳиби миллатимиз фахрига айланганлигини, ардоқли ва суюкли шоирнинг бой адабий мероси миллий маънавиятимиз юксалишида муҳим омил эканлигини таъкидладилар.

ан2_2

Муҳаммад Юсуф болалиги ўтган ҳовлида ташкил қилинган музей шоир ҳаётининг ҳар йилидан сўзлаб тургандек. Оиласи, болалик, ёшлик чоғларининг маъсум дамлари кўринишлари, кийган либослари, қўлёзмалари, ёзган асарлари, пойтахтдаги ҳаёти акс этган лавҳалар... – буларнинг барчаси худди шоир ёнингизда тургандек қалбингизга ажиб ҳис-туйғуларни беради.

Зеро, “Ўзинг менинг улуғлардан Улуғимсан Ватаним” дея жўшиб куйлаган ва ана шундай оташин, юракка яқин сатрлари билан халқимиз ифтихорига айланган буюк шоирнинг ўзи ёзганидай:

Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,

  Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.

        Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,

  Юракка кўмилар асл шоирлар...

Тадбир ҳақиқий шеърият байрамига айланди.

Аблиёр Қораев,

“Адолат” СДП Марҳамат туман Кенгаши раиси.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+