Мухаррам Дадахўжаева: Тўй — азага, маърака — тантанага айланмасин ёхуд “қаттол душман”лар энди бўлмайди

19.09.2019 19:09:50

Эътибор берганмисиз, тўрт-беш одам йиғилган жойда кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири, шубҳасиз, тўй-маъракалар ҳамда уларнинг етти маҳаллага дув-дув гап таратган тафсилотлари бўлади. Дабдаба, ҳашамат, ортиқча “ҳою ҳавас” ва янги ўйлаб топилган “одат”лар — тез тилга тушадиган гап.

Ана шундай зўрама-зўракилик, ўзининг бойлигини кўз-кўз қилишга уринишлар, кимўзарга қилинган харажатлардан сўнг муқаррар содир бўладиган кўнгилсизликлар, уруш-жанжаллар, ажримлар ва қарзга ботишлар — тамомила янги муаммоларни келтириб чиқаради.

Бу — менинг фикрим эмас, йил сайин кўпайиб, ҳаётда ўз исботини топаётган ҳақиқат.

Энг аянчлиси, яхшигина урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимизга мана шундай дабдабаю асъасалар ортидан путур етмоқда.

Қаранг, тўй-маърака, оилавий маросимлардаги ортиқча дабдабабозлик мавзуси юз йил — бир аср муқаддам ҳам халқимизнинг жиддий муаммоси ўлароқ кун тартибида бўлган экан. Таниқли маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу мавзуда долзарб мақола ҳам ёзган ва фикрларининг қаймоғини хулоса тариқасида сарлавҳага чиқарган: “Бизни кемиргувчи иллатлар”. М.Беҳбудий ана шундай иллатлардан энг йирик иккитасини — тўй ва азани санаб ўтган ва уларни “икки қаттол душман” деб атаган.

Дарҳақиқат, орадан шунча вақт ўтса-да, маърифатпарвар боболаримизни ташвишлантирган муаммо — шакл жиҳатдан ҳам, мазмун жиҳатдан ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Ҳаммамиз яхши биламиз, ўтган йили бу масала ҳатто, парламент даражасида кўриб чиқилди. Олий Мажлис Сенати томонидан 2018 йил март ва июнь ойларида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга доир қарорлар қабул қилинган эди.

Ўшанда халқимиз парламентнинг бу қарорини катта мамнуният билан қабул қилгани бежизга эмас. Сабаби, тўй-тантаналаримиз кимўзарга ўйнаш, бойлик ва қудратини намоён этиш, қадриятларимизни менсимасдан, ўзининг бошқалардан устунлигини исботлаш воситасига айланиб қолган ҳолатлар ҳам учраётган эди. Янгидан-янги ўйлаб топилаётган, таг-замирида бошқалардан ажралиб туриш, одамларни ҳайратлантириб, шуҳрат топиш, ном қозонишдек худбинона майллар яширинган одатлар урчиб кетаётганди.

Шу боис ҳам ўтган давр мобайнида парламентимиз юқори палатасининг қарори туфайли Ўзбекистон Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, сенаторлар, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар, ижодкорлар иштирокида кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу ишларни халқимиз қўллаб-қувватлади, бошланган иш ўзининг ижобий натижаларини ҳам берди.

Албатта, ушбу жараёнда биз — депутатлар ҳам фаол қатнашдик, халқимизнинг тўй-маъракаларини янада тартибли, камхарж, дабдабадан холи ўтказиш бўйича фикр-мулоҳазаларини ўргандик, уларни қийнаётган масалаларга қулоқ тутдик. Масалага ҳар бир ҳудуднинг ўзига хосликларини инобатга олган ҳолда, қарадик.

Энг аввало, биз — депутатлар ҳам тўй ва оилавий маросимларни ўтказишда камтарликни, намуна кўрсатишни ўзимиздан бошладик. Ҳам депутат, ҳам фарзандлар эртанги тақдирини ўйлаган она сифатида, мен ҳам ўғлимизни уйлантиришда имкон қадар камчиқим, дабдабадан мутлақо холи, миллий қадриятларимизга мос келадиган йўл тутишга ҳаракат қилдим. Ҳозирда олдимизда яна икки фарзандимизни уйли-жойли қилишдек масъулиятли вазифа турган эди.

Мана, шу йил 14 сентябрь куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг Қўшма мажлисида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш масалалари муҳокама қилиниб, якдил фикрга келинди.

Албатта, парламентимиз палаталари Кенгашлари бу қўшма қарори ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Жойларда ўтказилган учрашувларда халқимиз томонидан тўй-тантаналарни ихчам, камхарж ва дабдабадан холи, жамоат тартибини сақлаш бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифлар ушбу ҳужжатнинг моҳиятини ташкил этади.

Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, эндиликда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади. Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши иштирок этиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно. Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Оилавий тадбирларнинг дабдабасиз, камхарж ва ихчам, шунингдек, Низом талабларига мувофиқ ўтказилиши учун биринчи навбатда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ички ишлар органлари профилактика инспекторлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Ана энди тўй-ҳашам ўтказишда ўйланмасак ҳам бўлади: меҳмон сони аниқ, тартиб-қоида маълумки, буларнинг барчаси фуқароларимизга, алалхусус, тўй ўтказаётган, харажатлар домига тушиш арафасидаги юртдошларимиз учун енгиллик, қулайлик яратади.

Миллий ўзликни англаш — қадриятларни ҳурмат қилишдан бошланади. Тўй-тантана, маърака ва маросимлар ҳам қадриятларимизнинг бир қирраси сифатида хизмат қилар экан, уларни ҳар томонлама чиройли, ихчам, исрофгарчиликсиз, дабдабадан холи тарзда, барчага намуна бўладиган қилиб ўтказишимиз керак. Бунда ҳар биримиз ибратли тарғиботчи, масъул жонкуяр, керак бўлса, қатъиятли назоратчи вазифасини ўтамоғимиз шарт. Токи ортиқча одатлар, авж олаётган асъасалар, кимўзар дабдабалар туфайли тўй — азага, маърака — тантанага айланмасин.

Шу маънода, халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилгани мазкур қарор жамиятимизда ижтимоий адолат тамойилларининг янада чуқур илдиз отишида муҳим аҳамият касб этади.

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+