Муҳим таклифлар илгари сурилди

26.11.2021 09:11:03

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунида белгиланган бюджет параметрлари Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2021 йил 9 ойлик Давлат бюджети даромадлари 108,4 фоизга ёки 9 трлн. сўмга ошириб ижро этилган. Шу даврда давлат бюджети ҳаражатлари 130,2 трлн. сўмни ташкил қилиб, шундан ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 64,0 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Ушбу харажатларнинг 87,9 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келган. Шу жумладан соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,0 фоизга кўп маблағлар ажратилган.

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан бюджет ижросининг бажарилишидаги ижобий жиҳатлар юқори баҳоланди. Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга ички аудит тизими ва идоравий назорат тизими бирламчи ва иккиламчи бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан яхши йўлга қўйилмагани эса жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

Депутатлар бюджетни шакллантириш, ижросини таъминлашда натижадорлик масалалари борасидаги ишларни янада жонлантириш бўйича таклифлар беришди.

Олий Мажлис қуйи палатасига киритилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида фракция аъзолари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+