Муқобил энергия ривожи-келажак авлод ҳимояси

14.12.2021 11:12:08

“Адолат” СДП  Қашқадарё  вилоят  Кенгаши томонидан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида “Муқобил энергия манбалари -тараққиёт кафолати” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, институт профессор ўқитувчилари, талабалар, ёш олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

-Иқтисодиёт бизнинг нафақат бугунги, балки келажакдаги фаровонлигимизнинг ҳам гарови,-деди тадбирда партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева.-У қанчалик бақувват бўлса, ижтимоий вазият шунчалик барқарорлашади, одамларда келажакка ишонч уйғонади. Албатта, иқтисодиёт тараққиётида муқобил энергиянинг ўрни беқиёс. Партия вилоят Кенгаши аъзолари саъй-ҳаракати билан муқобил энергияни ривожлантириш масаласи доимий эътиборимизда бўлиб келаётир.

-Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган,-деди институт профессори, партия фаоли Хайрулла Давланов.-Биз шундан келиб чиқиб, энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш ва татбиқ этиш устида мунтазам изланишлар олиб боряпмиз. Олимларимиз истеъмолчилар ўртасида қуёш станциялари ва шамол генераторларидан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар олиб боришаяпти. Қуёш, шамол мини-электростанцияларини яратиб, тадбиркорлар, тиббиёт муассасалари, иссиқхоналарга, хусусан, сув чиқариш насослари, аҳоли уйлари, қаерда энергия муаммоси бўлса, ўша жойларга ўрнатиб бераяпмиз.

Тадбирда сўзга чиққан институт 3-босқич талабаси, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Мадина Аллабердиева, Акмал Ҳайитов ва бошқалар ҳам институт тажриба майдонида ҳамда ўқув лабораторияси жиҳозларини ишлатишда қуёш мини электростанцияларидан кенг фойдаланилаётгани хусусида фикр юритдилар.

Умуман, тадбирда “Адолат” СДП эътибори ва кўмаги ҳамда қўллаб-қувватлаши туфайли яратилаётган барча ихтиролар амалиётга татбиқ этилаётгани эътироф этилди.

                                                                 Руиддин Раупов,

                                            “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+