Мурожаатчилар ногиронми ёки раҳбарлар?

11.10.2022 11:10:36

Шу кунларда юртимиз ижтимоий тармоқларида тарқалган Сариосиё тумани «Шарқ юлдузи» маҳалласидаги намунавий уйларда истиқомат қилаётган ногиронлар «Ҳудудгазтаъминот» Сурхондарё филиалини ёлғон маълумот тарқатишда айблаётганлиги хусусидаги «Мурожаатчилар ногиронми ёки раҳбарлар?» сарлавҳаси остида видеоёзув кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мазкур видеоёзувда табиий газ ўтказилмаган хонадонларда истиқомат қиладиган ногиронлар балонли газ ва қишда иситишда кўмирдан фойдаланиш уларга қийинчилик туғдираётганлигини таъкидлаб, уларнинг мурожаатларини ҳеч ким тингламаётганлигини, аризалари ёлғон маълумотлар билан ёпиб юборилаётганлиги келтирилган эди.

Шу асосда, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати Қумриддин Насриддинов ҳамда партиянинг Сариосиё туман Кенгаши фаоллари томонидан тумандаги «Шарқ юлдузи» МФЙда жойлашган Ногиронлар шаҳарчасида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан юборилган мурожаат ўрганилди.

Ишчи гуруҳ мазкур масалани ўрганиш учун, видеомурожаат йўллаган Матлуба Бўтаева хонадонига бориб, унинг яшаш шароити ва муаммолари билан яқиндан танишишди. М.Бўтаева суҳбат давомида унинг яшаб турган хонадонининг таъмир талаблиги ҳамда ишсизлик муаммоси қийнаётганлиги ва маҳаллада яшовчи ногиронлиги бор фуқароларнинг хонадонида табиий оқма газ муаммоси қийнаётганлигини таъкидлаб ўтди. Депутатимиз муаммоларни батафсил ўрганиб чиққанда ҳақиқатдан ҳам, ушбу фуқаронинг яшаб турган хонадони таъмир талаблиги, ўзи иш билан таъминланмаганлиги, атроф хонадонларда суюлтирилган газ балон бор бўлсада, маҳаллага табиий оқма газ етиб келмаганлиги аниқланди.

Ўрганишлар чоғида мазкур маҳаллада яшовчи ногиронлиги бор фуқаролар Марҳабо Сатторова, Азамат Ҳикматов, Обид Тўраев, Муҳаррам Шеровалар томонидан ҳам шаҳарчадаги электр таянч нуқталарига ёритгич қўйиш, ҳудуддаги чиқинди тўкиш яшикларини ўз вақтида алмаштириш ҳамда табиий оқма газга муҳтож эканликлари айтиб ўтилди.

Тўпланган маълумотлар асосида, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати Қ.Насриддинов муаммоларни атрофлича ўрганиб чиқиб, муаммоларга ечим топиш учун «Ҳудудгаз» туман бўлимига ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборди ҳамда мазкур масалаларни ўз назоратига олди.

«Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+