Мурожаатлар билан ишлаш – депутат фаолиятининг асоси

28.07.2022 17:07:10

Бугун халқ вакили сифатида сайлов округи ҳудудидаги барча маҳаллаларда мавжуд бўлган муаммолар, хато-камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, сайловчиларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилаяпман.

Ҳудуддаги “Иброҳимхўжа”, “Эски Қаландархона”, “Регистон”, “Устозлар”, “Гўри Амир”, “Кулоллар” маҳаллаларида белгиланган жадвал бўйича мутасадди ташкилотлар билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил этдим. Кўтарилган муаммоли масалалар бўйича депутат сўровлари чиқариб, муаммоларни ижобий ҳал этишга эришдим. Бунда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилмоғи керак”, деган ғоя давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини амалда ифодалаб, ҳар бир мурожаатни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда жойига чиқиб ўрганяпмиз ва ижобий ҳал этаяпмиз.

Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири. Жамият асоси - маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликда тадбиркорликни ривожлантириш, шу асосда жамиятдаги энг муҳим муаммо – ишсизликни бартараф этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг бу борадаги билимини ошириш мақсадида бир қатор ташкилотлар мутахассислари билан биргаликликда турли тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари бўйича Самарқанд шаҳар адлия бўлими ходимлари билан мунтазам равишда ҳудуддаги тадбиркорлар, соҳада фаолият бошлашни мақсад қилган аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонлик тадбирлари уюштирилмоқда.

Мурожаатлар билан ишлаш жараёни бугунги кунда фаолият самарадорлигини аниқлашнинг энг муҳим воситаси ҳисобланди. Шуни инобатга олган ҳолда мурожаатларга алоҳида эътибор билан ёндашмоқдаман. Яқинда “Гўри Амир” маҳалласи, Шоҳрух Мирзо кўчаси, 109-уйда яшовчи фуқаро Мансур Абдуллаев яшаб турган хонадони деворлари, эшик  ва деразалари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, ўзи II гуруҳ ногирони, ижтимоий аҳволи оғирлиги боис даволана олмаётганлиги бўйича мурожаат қилди. Ушбу мурожаат бўйича шаҳар ҳокимининг ўринбосари Р. Олимов ва шаҳар тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови жўнатдим. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ходимлари томонидан фуқарога яроқли эшик деразалар ва деворни таъмирлаш учун хом ашёлар ажратилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқаро Мансур Абдуллаев тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаниш учун йўлланма ва дори воситалари берилди.

Бундан ташқари, “Чақар” маҳалласида яшовчи Рисқия Шарифова, Гулбаҳор Шаропова юрак пароги, Зубайдулло Воҳидов қон-томир касалликларини жарроҳлик амалиёти ўтказиш йўли билан даволашда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаатлар бўйича шаҳар тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўров юбордим. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу беморларда вилоят кардиология шифохонасида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Депутат – халқ вакили. У ҳар доим халқ ичида, унинг дардларини эшитиши, ҳал этиши лозим. Ушбу ҳаётий шиорга амалга қилган ҳолда ўз вақтида сайловчиларга учрашишга ҳаракат қилаяпман. Сўнгги марта жорий йилнинг 14 июнь куни “Чақар” маҳалласида сайловчилар билан учрашдим. Учрашувда кўплаб, муаммолар, таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги Термиз, Ғалаба, Қаҳрамон, Илмобод кўчаларини таъмирлаб, асфальт ётқизиш кераклиги қайд этилди. Шунингдек, ёши улуғ отахону онахонларни тиббий кўрикдан ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу талаб ва таклифлар асосида депутатлик ваколатим доирасида тегишли ташкилотлар, масъулларга мурожаат қилдим. Якунда Самарқанд шаҳар кўп тармоқли поликника шифокорлари ёрдами билан маҳалланинг ёши улуғ инсонлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ички кўчаларни асфальт қилиш жорий йилнинг 4-чорагида амалга оширилиши тўғрисида шаҳар ҳокими ўринбосари Р.Олимовдан жавоб хати олдик.

Фуқаролар билан учрашувларда жамиятдаги узоқ йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар кўтарилади. Албатта, бу яхшиликка. Ҳар бир мурожаат қонун доирасида кўриб чиқилиб, ечим изланади. Бу жараёнда кўп учраётган энг муҳим муаммолар ички кўчаларнинг таъмирталаблиги, коммунал соҳадаги муаммолардан иборат бўлмоқда. Фаолиятим давомида ана шу муаммоларга ҳар томонлама самарали ечим топишга, сайловчилар ишончни оқлашга интиляпман.

Дилфуза Камолова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+