Мурожаатлар шунчаки қолиб кетмайди-ми?

04.06.2021 16:06:17

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратовнинг Сирдарё вилояти аҳолиси билан навбатдаги мулоқотларида мурожаатчилардан бири депутатга ана шундай саволни берди.  Чунки фақат ўрганишлардан иборат бўлиб қолаётган  ташрифлардан бугун аҳоли зерикди. Шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда депутат Иномжон Қудратов дастлаб Гулистон туманидаги тиббиёт бирлашмасидаги ўрганишларни  мазкур муассасада даволанаётган беморлар билан суҳбатдан бошлади.  

Мурожаат эгаларидан бири Нодира Эсонтурдиева туманнинг “Аҳиллик” маҳалласида истиқомат қилади. У депутатдан ўн ойлик фарзандининг соғлигини тиклаш борасида амалий ёрдам сўради. Туғма оёқ нуқсонини тўғрлаш мақсадида тиббиёт бирлашмасида даволанаётган қизалоқ учун махсус тиббиёт шинаси зарур. Лекин оилавий аҳволи сабабли Нодира Эсонтурдиевани ушбу шинани сотиб олиши учун маблағ масаласи ўйланитириб турган вақтида депутат Иномжон Қудратов унинг мурожаатига шу куннинг ўзидаёқ амалий жавоб берди. Депутат ташаббуси билан энди қизалоқнинг оёқларига тиббиёт шинаси қўйиладиган бўлди. Молиявий маблағ  билан боғлиқ масала ўз ечимини топди. Шундан сўнг депутат тумандаги сил касалликларига қарши курашиш диспансери ва 8-сонли оилавий поликлиникага борди. Ўрганиш манзилларида аниқланган масалалар моҳияти эса тиббий кадрлар етишмаслигидан иборат бўлди.

Тор доирадаги шифокорлар камлиги сабабли аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланишида ноқулайликлар юзага келмоқда. Натижада стомотолог, терапевт, невропотолог каби мутахассисликка эга бўлган шифокорлар назоратидан ўтиш учун аҳоли вакиллари вилоят марказига боришига тўғри келмоқда. Депутат эътиборидан четда қолмаган яна бир манзил бу “Шарқ ҳақиқати” маҳалласидаги ҚВП биноси бўлди. Тўрт нафаргина  тиббиёт ҳодими фаолият кўрсатаётган мазкур тиббиёт маскани   2229 нафар аҳолига хизмат қилиши учун мўлжалланган. Лекин моддий-техник жиҳатдан талаб даражасида эмас. Штат бирликлари кам ажратилгани боис кадрлар масаласида етарлича етишмовчилик юзага келиб қолган. Аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ушбу масалани ўрганган депутат Иномжон Қудратов амалий натижага эришиш борасидаги режаларини белгилаб олди. Шунингдек, “Шарқ ҳақиқати” маҳалласидаги олти километр масофадаги асосий йўл таъмирталаб аҳволда эканглиги ҳам аҳолининг мурожаатларидан ўрин олди. Яъни депутат ушбу йўл таъмири билан боғлиқ масалада  ўзининг депутатлик сўровини тайёрлайдиган бўлди.

Кейинги манзил “Юлдуз” маҳалласи бўлди. Маҳалла раиси Жанобил Рахмоналиев билан суҳбат жараёнида аҳоли мурожаатларининг аксар қисми коммунал масалалардан иборат бўлаётганлиги маълум бўлди. Демак депутат аҳоли билан уйма-уй юриш орқали кўришиши ва муаммога сабаб бўлаётган масалаларни ўрганиши зарур. Шу сабабли маҳалланинг “Оқ тош” кўчасидаги аҳоли депутатга  хонадонларга янги ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунасида носозликлар юзага келаётгани билан боғлиқ мурожаатини йўллади. Жойнинг ўзида ушбу масала ечими билан боғлиқ депутатлик сўрови юборилиши белгилаб олинди.  

Депутат Иномжон Қудратовнинг аҳоли билан мулоқотлари Боёвут туманидаги тиббиёт бирлашмасидан бошланди. Бу жараёнда депутат тиббиёт соҳасида Президент қарор ва фармонларининг бажарилиши ҳамда аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган масалаларга эътибор қаратилиши бўйича махсус сўровнома ўтказди. Яъни аҳолининг тиббиёт соҳасига муносабати ўрганилди.  Шунингдек тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан депутатга муассасада  рентген, МРТ, кардиограмма аппаратларига эҳтиёж юқори бўлаётганлиги маълум қилинди. Чунки мазкур тиббий техник ускуналар тиббиёт бирлашмасида  мавжуд эмас. Демак депутатдан ушбу мурожаатга тезкорлик билан амалий ечим топиш талаб этилмоқда. Зеро, ҳеч бир мурожаат ўз-ўзидан юзага келмайди. Шу сабабли Иномжон Қудратов ўзининг депутатлик фаолияти режасига Гулистон ва Боёвут тумани аҳолисининг мурожаатларини биринчилардан бўлиб киритиб қўйди. Амалий натижалар эса навбатдаги мақоламизга мавзу бўлиши аниқ.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот  котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+