Мурожаатлар таклифларга сабаб бўлди

03.02.2021 14:02:26

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгашидаги партиянинг депутатлик гуруҳи аъзолари, партиянинг туман Кенгаши раиси ва ОАВ вакиллари билан биргаликда Гулистон туманидаги ижтимоий соҳа обеъктлари фаолиятини ўрганди. Бир кун давомидаги жараёнлардан аҳоли билан мулоқотлар ҳам ўрин олди. Дастлабки манзил туман тиббиёт бирлашмаси бўлди.

 - Ўзбекистон Республикаси Президентнинг мурожаатномасида тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жихатдан янги босқичга кўтариш зарурати борлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Демак бу борада қилинадиган ишларни  янада  жонлантириш керак - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов  шифокорлар билан суҳбатда.

Кўп тармоқли туман поликлиникасида ҳам ўрганишлар ўтказган депутат туманда болалар шифокорига эхтиёж борлигини аниқлади. Бу ҳақда маълум қилган туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари бугунги кунда болалар саломатлигини сақлашда шифокор мутахассисларга бўлган талаб ортганлигини, кадрлар танқислиги сабаб аҳоли вилоят марказидаги болалар кўп тармоқли шифохонасига йўлланма билан юборилаётганлиги таъкидланди.  Тумандаги қишлоқ врачлик пункти  ходимлари  ва аҳоли билан бўлган мулоқотда ҳам  асосий мурожаатлар мазмуни ўзида шифокор кадрларга бўлган эҳтиёж масаласини ифодалади.

- 2021 йилда «қишлоқ шифокори» дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади. Бу ҳақда мурожаатномада аниқ кўрсатмалар белгилаб берилгани боис тумандаги шифокор кадрларга бўлган эҳтиёж ҳам инобатга олинади, - дея мазкур масалага ўз муносабатини билдирди депутат Иномжон Қудратов.

Шунингдек  ўрганишлар жараёнида электр энергияси тизимидаги узилишлар тиббиёт масканларидаги техника ва жиҳозларнинг  тинимсиз ишлаши учун имкон қолдирмаётганлиги, энг муҳими шифохонада ётиб даволанаётган беморлар учун ҳам ноқулайликлар туғдираётганлиги мулоқотлар жараёнида очиқланди. Ўзаро муҳокамалар натижасида бу масалага ечим сифатида тумандаги тиббиёт муассасаларини доимий электр энергияси билан таъминлашда махсус генераторларни ўрнатиш таклифи берилди. Демак депутат Иномжон Қудратов томонидан бу таклиф маъқулланиб, ижроси назоратга олинди.  

Шундан сўнг депутат Иномжон Қудратов  бошчилигидаги ишчи гуруҳи тумандаги нодавлат ва давлат МТТларига ташриф буюришди. Бу ерда болажонларга яратилган шарт-шароитлар, олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнлари ўрганиб чиқилгач, ўз ечимини кутаётган масалалар ҳақида ҳам сўралди. Маълум бўлишича мазкур муассасалар табиий газ билан эмас, балки кўмир билан иситилади. Яъни, биноларни иситиш борасидаги мақбул йўл сифатида кўмир танланган. Бу албатта ўзига яраша ноқулайликларни келтириб чиқиши табиий. Шу сабабли биноларни айни куз-қиш мавсумига тайёрлигини доимий назоратга олиш депутат томонидан белгилаб қўйилди. 

Кейинги манзил тумандаги 5 умумтаълим мактаби бўлди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлар мавзуси эса 2021 йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлар, ислоҳотлар ҳақида бўлди. Шунингдек Президент мурожаатномасида жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозимлиги ҳам аниқ вазифа сифатида белгилаб берилгани депутат томонидан эътироф этилди. Мактабдаги дарс жараёнлари ва қўшимча машғулотларни ташкил қилиш борасидаги ишлар ҳам ўрганилганида тадбирлар ўтказиш учун фаоллар залининг йўқлиги, спорт тўгаракларини самарали ташкил қилишда эса спорт анжомлари етишмаётганлиги  ҳал қилиниши зарур бўлган масала сифатида айтиб ўтилди. Депутат Иномжон Қудратов бу борадаги таклифларни ҳам  назоратга оладиган бўлди.

Тумандаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган ёшлар билан учрашув эса ҳақиқий маънода аҳолига кўтаринки кайфиятни бағишлади. Карантин қоидаларига амал қилинган холда ўтказилган тадбирда маданият ва санъат вакиллари депутатлар ёшларни қизиқтираётган саволларга жавоб беришди.

Депутат Иномжон Қудратовнинг туманга ташрифи ҳокимлик биносидаги халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг ўзаро мулоқоти билан якунланди. Бунда  депутатлар томонидан асосий масала сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар борасида бўлди. Бунда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати томонидан 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати мавжудлиги ҳаётий мисоллар билан таҳлиллаб берилди. Демак депутатлар ҳамкорликда аҳоли ўртасида сайлов қонунчилигидаги янгиликларни тўғри тарғиб қилиши ва бу борада самарали услублардан фойдаланиш борасидаги таклифлар, режалар белгилаб олинди. Энг муҳими аҳоли томонидан мурожаатларга асос бўлган ҳеч бир масала депутат эътиборидан четда қолмади.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+