Мурожаатнома даъвати

23.12.2022 11:12:04

Мамлакатимиз, қолаверса, ҳар биримизнинг ҳаётимизда ёрқин из қолдирган 2022 йил охирлаб бормоқда. Бундай лаҳзаларда ўтган даврда қилинган ишларни сарҳисоб этиш, йўл қўйилган камчилик, нуқсонларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини белгилаш яхши анъанага айланган. Бу, янги марраларни белгилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига сини бир гуруҳ жамоамиз аъзолари билан бирга телевизор орқали катта эътибор билан кузатдик. Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ҳаммамизда унутилмас таассурот қолдирди.

Келгуси йил учун ҳақиқий дастуриламал ҳисобланадиган бу ҳужжатда ўтган давр ичида қилинган ишлар батафсил ёритилди. Хусусан, охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилгани, қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етгани, ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилаётгани қайд этилди. Бундай салмоқли рақамларни ҳар бир соҳадан келтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбари айтган фикрлар юртимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳис қилиб турдик. Ҳеч шубҳасиз, Мурожаатнома бутун халқимиз қатори биз бунёдкорларни ҳам сафарбарликка чорламоқда. Чунки ҳар бир киши бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ ва самаралироқ меҳнат қилмоғи даркор. Шундагина олдимизда турган юксак марраларни муваффақиятли забт этиш мумкин.

Бизга Президентимизнинг Наманганни алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида Республика бўйсунувига ўтказиш таклифи ниҳоятда маъқул тушди. Бу, шаҳарни янада тараққий этган, кўркам ва обод, аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратилган, ижтимоий-иқтисодий ривожланган гўшага айлантиришда алоҳида аҳамият касб этади. Албатта, яқин келажакда у мамлакатнинг йирик иқтисодий, илмий ва маданий маркази мақомини олади.

Энди биз бунёдкорларнинг зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Жамоамиз асосан бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Пудрат ишларини бажарадиган бўлинмамиз ҳам бор. Янги йилдан бошлаб маҳсулот тайёрлаш ҳажмини янада кенгайтириш, сифатини яхшилаш, ҳар бир объектни ўз муддатида фойдаланишга топшириш юзасидан олиб бораётган ишларимизни янада кучайтирамиз.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилди. Бу халқимизнинг мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайиши, таълим ва тиббиёт сифати оширилиши, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилиниши, иш ўринлари кўпайиши демакдир. Бу эзгу ишларга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Воҳидхон ҒАФФОРОВ, 

«Наманган темир-бетон буюмлари заводи» МЧЖ раҳбари,

халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+