Мурожаатнома - фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади

04.01.2023 16:01:28

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси зиммамизга янада масъулият юклаб, улкан мақсадлар сари одимлашга ундайди.

Зеро, ундаги ҳар бир масала, ташаббус ва таклифлар халқимизнинг ҳаётини юксак даражага кўтариш, соҳалардаги камчиликларни бартараф этиб, ривожланиш тенденцияларини татбиқ этиш, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан муҳимдир. Биз яхши биламиз, ўтган йилларга нисбатан тизимлар ўзгарди, хизмат кўрсатиш сифати ошди. Қолаверса, халқимиз ҳам ўз манфаатларини таъминлаш учун берилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётга — фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади.» Дарҳақиқат, ўз ҳаётимиз, келажагимиз, жамиятдаги ўрнимизни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ўз кучимизга, саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ёшларнинг билимли ва идрокли, касб-ҳунарли бўлиши учун татбиқ этилаётган ўзгаришларнинг самараси ҳам ёшларнинг фаоллигида ўз аксини топади. Биз гоҳида ёшларимизни моддий таъминлаш орқали рағбатлантириш билан кифояланиб қоламиз. Лекин бу билан чекланиб қолмаслик, балки, уларни кези келганда қўллаб-қувватлаш, йўл-йўриқ кўрсатиш, машаққатли меҳнатдан чўчимаслик, зарур маслаҳатлар билан хатоларни тўғрилашга ўргатишимиз аҳамиятлидир. Уларнинг интилишлари, касбга бўлган меҳрини ардоқлашимиз ва кўмак беришимиз керак. Мен ҳам фаолиятим давомида кўплаб ёшларни учратаман. Уларнинг айримлари жуда иқтидорли аммо моддий шароитга эга эмас. Шундай дамларда уларни бепул ўқув-курсларида иштирок этишлари ҳамда бандлигини таъминлашга ҳаракат қиламан. Тадбиркорлик соҳасида йўл-йўриқ кўрсатиб, меҳнати билан ўз ҳаёт йўлини барпо этишга ундайман. Йиллар давомида юзлаб шундай ёшлар билан тўқнаш келаман. Айнан «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да ҳам бу анъанани давом эттирган ҳолда, ёшларимизга ўзини намоён этиш ва имкониятдан фойдаланишлари учун уларга таянч бўлишга ҳаракат қиламан.

Гоҳида вилоятимиздаги маҳаллаларда ўрганишда бўлганимда кўплаб ижтимоий таъминотга муҳтож оилалардан мурожаатлар келиб тушади. Реал ҳолатда мен уларнинг вазиятини яхшироқ тушунаман ва ечим топишим ҳам осонроқ бўлади. Юртбошимиз ўз нутқида «Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда жойига чиққан ҳолда, «Ҳукумат куни» ўтказилиши йўлга қўйилади»,– дея таъкидладилар. Бу жуда муҳим ва самарали йўналишдир. Муаммоларнинг жойига чиқиб ўрганилиши нафақат, барча масалани очиқ-ойдин кўриш, фикр юритиш ва тўғри қарорни қабул қилиш имконини беради, балки ҳукумат билан халқни янада яқинлаштиради, ўртада ўзаро ишонч мустаҳкамланади. Муносабат ўзгаради.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатнома бизга жорий йилда амалга оширишимиз лозим бўлган вазифаларни ўзида намоён этади ҳамда фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шаҳноза ҒАНИЕВА,

Фарғона «Ибратли Бегим» НТМ раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+