Мурожаатнома сафарбарликка чорлайди

21.12.2022 11:12:11

Саноқли кунлардан сўнг янги, 2023 йил кириб келади. Ҳозир ўтган даврда қилинган ишларни сарҳисоб этиш, навбатдаги вазифаларни белгилаш палласи. Шу жиҳатдан қараганда, Президент Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси айни муддао бўлди. Биз мазкур улкан ижтимоий-сиёсий воқеага бир гуруҳ партиядошларимиз билан бирга гувоҳ бўлдик. Давлатимиз раҳбари айтган ҳар бир сўз, ҳар бир фикр, таклиф ва мулоҳаза юртимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳис этдик. Ҳеч шубҳасиз, Мурожаатнома бутун халқимизни, қолаверса, салкам қирқ минг кишидан иборат вилоятимиз «адолат» чиларини сафарбарликка чорламоқда. Ҳар бир киши бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ ва самаралироқ меҳнат қилмоғи даркор. Шундагина олдимизда турган юксак марраларни муваффақиятли забт этиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасининг муқаддимасидаёқ мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлагани диққатга сазовордир. «Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди, - деди у. - Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда. Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш учун тинимсиз изланяпмиз.

Якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди, десам, ҳар томонлама тўғри бўлади. Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиёт – фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади!».

Мурожаатномада пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан эришилган ютуқлар қайд этилди. Мисол учун, иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етди (2018 йилда 14 миллиард доллар бўлган). Илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Айни вақтда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсатини изчил давом эттириш чоралари кўрилмоқда.

Биз, наманганликларни давлат раҳбари олға сурган яна бир ташаббус чексиз қувонтирди. Мен вилоятимиз марказини Самарқанд каби алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклифини назарда тутмоқдаман. Бу, Наманганни янада тараққий этган, кўркам ва обод, аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратилган, ижтимоий-иқтисодий ривожланган гўшага айлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Албатта, партиядошларимизнинг бугунги биринчи вазифаси Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига етказишдан иборат. Фаолларимиздан иборат тарғибот гуруҳлари шаҳар ва туманларда иш бошлаб юбордилар. Дастлабки маълумотларга кўра ёшу кекса, меҳнат жамоалари, аҳолининг барча табақалари вакиллари Президентимизнинг ҳар бир сўзини кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Улар қўйилган улуғвор мақсадларга эришиш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар қилиш ниятидалар.

Исроилжон Жўраев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси.

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+