Мурожаатномада белгиланган вазифалар зиммамизга улкан масъулият юклайди

21.12.2022 07:12:26

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кўрсатиб берилган ва келгусида кўплаб соҳаларда бўладиган ўзгариш ва янгиланишлар Давлат раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсат нақадар халқчил эканлигининг яна бир далолати бўлди.

Янги йилга янгича ном берилди. Бу эса, албатта, халқ манфаати ва инсон қадри, ёшларимизнинг таълим олишига яратиладиган шарт-шароитлар янада оширилишига яққол мисолдир.

Мурожаатномада таълимнинг бошланғич, ўрта ва ўрта-махсус тизимида келгуси йилдан бошлаб амалга оширилиши зарур бўлган ишлар хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Хусусан, 2023 йилдан бошлаб бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Президент халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.

Келаси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади ва босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.

Президентимиз кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифохона пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Келаси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда хусусий шерикчилик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз, - деди Президентимиз.

Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилиб ҳар бир оилада буни фарзандларимизга ўргатиб боришимиз, шу билан бирга чет тилини ҳам билишимиз замон талаби эканлиги таъкидланди.

Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди.

Биз мурожаатномани диққат билан тинглар эканмиз, унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етиш зарурлигини ҳис этдик. Ўзимиз учун энг муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Чунки унда илгари сурилган долзарб вазифалар ва уларнинг ижроси ҳар биримизни қайси соҳада фаолият олиб боришимиздан қатъий назар жамиятимиз, хусусан мамлакатимиз таълим тизими ривожига унинг шундан кейинги истиқболли вазифалари ижросини таъминлашга самарали таъсир кўрсатишга даъват этади.

Президентимизнинг Мурожаатномасида келтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлашда, уни амалга оширишда бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Ўйлайманки, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган барча партия ташкилотларимиз, депутатларимиз мазкур олий мақсад йўлида жипслашиб, уни биргаликда амалга оширамиз.

Ф.Аллаев,

«Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси в.б

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+