Мурожаатномада истиқболли режалар белгиланди

29.12.2022 08:12:27

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 20 декабри мамлакатимизда унутилмас тарихий кунлардан бири бўлиб ўтди. Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаати йўлланди. Мазкур Мурожаатномада жорий йил давомида барча соҳаларда амалга оширилган ишлар, келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардаги кескин муаммолар ҳамда келгуси йилда уларни ҳал қилишга оид аниқ режалар белгиланди.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз ўз мурожаатида, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш зарурлигини айтиб ўтди. Чунки жамият ва давлат тараққиётининг пойдеворини ҳар томонлама етук ва баркамол ёш авлод вакиллари қурадилар. Давлатимиз раҳбари ҳам Мурожаатномада айни йўналишга алоҳида эътибор қаратганлари бежиз эмас. Президентимиз таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунларидир, дея таъкидладилар. Шундай экан, Мурожаатномада бу эзгу мақсад йўлида ёшларнинг олдига қўйган орзу-ниятларига эришишлари, юксак марраларни забт этишлари учун ҳар бир масъул, мутасадди сифатида имкониятлардан фойдаланишларига кўмаклашиш зарурлиги уқтирилди.

Мурожаатномада 2023 йилни “ Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилиниши жуда катта аҳамиятга эга бўлди, деб ўйлайман. Сабаби, мамлакатимиз аҳолисининг энг катта қисмини ёшлар ташкил этиши барчамизга маълум. Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олишининг узвий тизимини таъминлаш, таълимда уни келажакда муваффақиятга етаклайдиган яхлит тизим яратиш вазифаси белгиланди.

Айтиш жоизки, жорий йил 23 декабрь куни Президентимизнинг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

Унга кўра, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида, келгуси йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш тизими жорий этилади.

Мурожаатномада қайд этилганидек, бу борадаги ислоҳотлар келгуси йилдан янгича ғоя асосида амалга оширилади. Бунда ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия бериш ишлари янада юқори босқичга кўтарилади, улар замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида таълим оладилар, тарбияланадилар. Шунингдек, йигит-қизларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатилиши, тадбиркорлик кўникмаларининг шакллантирилиши ҳам янги қиёфа касб этади, янги ташаббуслар билан юз очади.

Мурожаатномада айтилганидек, белгиланган ҳар бир вазифа, муҳим йўналишларда давом эттирилаётган ишларнинг салмоғи келгуси йилда янада ёрқинроқ ранглар, янада шижоатли босқичлар билан давом эттирилади.

Соҳибжамол Каттаева,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Термиз шаҳар «Ёш адолатчилар қаноти» Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+