Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин!

28.05.2021 11:05:45

Қадрли мактаб битирувчилари!

Келажагимиз давомчиси азиз ёшлар!

Аввало, барчангизни беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бу нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз.

Ишончим комил, янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз.

Қисқа муддатда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

Бугунги кунда бутун юртимизни қамраб олган беш муҳим ташаббус доирасида ҳам сиз, азиз ёшларимизнинг етук инсонлар бўлиб камол топишингиз учун кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан: бугунги кунда тумандаги ижтимоий соҳа объектларини интернет тармоғига улаш бўйича жами 58 та мактаблардан 42 таси интернет тармоқларига уланган бўлиб, 15 тасига оптик толали алоқа кабеллари тортилган ва охирловчи қурилмалари олиб келинган.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг жорий йилнинг 23 мартида “Тумандаги иқтиқорли ёшларни саралаб олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий рағбатлантириб бориш тўғрисида”ги 26-183/-сонли қарори қабул қилиниб, унга кўра тумандаги иқтидорли ўқувчи ёшларнинг орасидан 10 нафар кўрик-танлов ғолибларига маҳаллий бюджетнинг заҳира маблағлари қисми ҳисобидан ҳар ойда бир марта ҳар бири учун 245 минг сўмдан мукофот пули тарқатилишини таъминлаш вазифалари белгиланди. 

Бир сўз билан айтганда, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди. Шу муносабат билан сизларга, бутун туманимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар.

Ўрганиш, изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг! 

Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатганингиз билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.

Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин!

Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азизларим!

 

Чарос Ортиқова,

Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгаши котибияти мудири, туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+