Мустақиллигинг абадий бўлсин она халқим

25.08.2022 11:08:30

 

Куни кеча бўлиб ўтган кўҳна ва навқирон Самарқандимизнинг яна бир дурдонаси «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг очилиш маросимидан бир олам завқ, фахр, ўзгача ғурур ҳислари оғушида чиқдим. Эрталаб кечаги кўтаринки кайфият оғушида ишхонага келдим. Шу дамда қўлимга юқорида ёзилган шеър тушиб қолди, шеърни ўқир эканман вужудимда ажиб бир титроқ турди, кўзларимга беихтиёр севинч, шукроналик ёшлари қалқиди Мустақиллигинг абадий бўлсин она халқим  деган сўзлар тилимда айланди.

Самарқанддаги Халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган байрам тадбирида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан «Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин!» деб таъкидлаганларида барчанинг қалбига ҳаяжон тўлди десам янглишмайман.

Марказдан ўрин олган «Боқий шаҳар» мажмуаси билан танишар эканмиз инсон қўли гул деган ибора ҳақлигига яна бир бор амин бўлдим. Самарқанд – миллий давлатчилигимизга асос бўлган, тарихимиздаги иккала Ренессанс даврида ҳам муҳим ўрин тутган шаҳар. Шу боис ушбу азим шаҳарни қадимий обидаларни кўриш ва табаррук жойларни зиёрат қилиш учун ташриф буюрувчи сайёҳлар талайгина бўлсада, туризмнинг бошқа йўналишлари учун замонавий мажмуалар йўқ эди.

2019 йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйидаги 212 гектар очиқ майдонда ана шундай замонавий туризм марказини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ўзбек халқининг миллий меъморчилик анъаналари асосида, ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш йўлида бунёдкорлик ишларига малакали қурувчиларимиз билан бирга Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари ҳам жалб этилди.

Шу қисқа давр ичида инсонга завқ ва ғурур бағишлайдиган улкан мажмуа қад ростлади. Марказдан 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс хол, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун шай ҳолатда. Шу билан биргаликда ушбу марказда халқимизнинг миллий анъаналари, қадриятларига йўғрилган, миллийлик нафаси уфуриб турадиган қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос ҳунармандлик устахоналари ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этиши кўзда тутилган.

Айниқса, азим шаҳримизни жаҳонга янада кенг танилишига йўл очадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирларнинг ҳам шаҳримизда бўлиб ўтиши биз Самарқандликларда катта фахр ва ифтихор ҳиссини уйғотади.

Бир сўз билан айтганда ушбу шукуҳли онлар, фаровон кунлар истиқлол сабабли. Дарҳақиқат, мустақиллик, истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва «Инсон манфаатлари улуғвор» бўлган фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Кўҳна тарихимиз, бой маъданий меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Имом Бухорий, Имом ат-Термизий каби алломаларнинг меросини ўрганиш, улар абадий ором топган масканларни обод манзилларга айлантириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Албатта, мамлакатимизнинг қайсики соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўлмасин, уларнинг асосида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти ва фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан улуғ мақсадлар мужассам эканлигига гувоҳ бўламиз.

Мустақиллик барчамизга янгича яшашни ўргатди. Мана, қаранг, биргина деҳқончиликни олайлик. Илгари бир йил меҳнат қилинган даромадга битта велосипед ҳам бермаган. Бугунчи, даромад ҳаммасидан бошқача. Иккита уйнинг биттасида машина бор. Даромадидан данғиллама уйлар соляпти. Умуман олганда, аҳолининг кайфияти аъло. Бугун шаҳримиз улкан қурилиш ва ободонлаштириш майдонига айланган десак муболаға бўлмайди. Марказий кўчаларни айланар экансиз, бир-биридан кўркам намунали уйлар, савдо объектлари, уларга монанд йўлаклар ҳамда хиёбонларга кўзингиз тушади.

Албатта бу каби ислоҳотлар, янгиланишлар барча юртдошларимиз каби мени ҳам қувонтиради. Айниқса, бугунги кунда сўз эркинлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, одамга одамдек яшаш имконини яратиш, инсон манфаатларини улуғлаш каби муносабатлар одамда яшамоққа, ҳаётга ва Ватанга бўлган муҳаббатни, гўзал иштиёқни жўштирмоқда, десам хато бўлмайди. Сўзим сўнгида бир ҳақиқатни барчамиз яхши англаб олишлари лозимлигини истардим, мустақиллик, озодлик олий неъмат, биз мустақил эканмиз, ўз сўзимизни эркин айта оламиз, фикримизни билдира оламиз, ўз ҳуқуқимизни талаб қила оламиз, биз мустақил эканмиз бизни эшитишади. Унутмайликки шу юрт, шу ватаннинг ҳар гарди кўзга тўтиё, дардимизга малҳам бўла олади. Шу боисдан ҳам ёшларимизни, фарзандларимизни Ватанининг чақириғига, эл корига ярайдиган бўлиб улғайишларида масъуллигимизни унутмаслигимиз шарт. Бинобарин, тарихи қадимий минг йилликларга бориб тақаладиган бу халқнинг ҳар бир юмушига, чақириғига лаббай деб ҳозир бўлсак, юмушига елка тутсак биз ер юзидаги энг бахтиёр халққа айланамиз.

Муҳиба Бабабекова,
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+