Мустақиллик – буюк неъмат

30.08.2022 16:08:55

Мустақиллик! Ҳаммамиз учун энг улуғ ва қадрли неъмат. Унинг қадри қадрига етганда ортиб боради. Албатта биз бу кунларга шунчаки, ёки нимадир сабаб эришган эмасмиз. Бу кунларни жуда кучли иродага эга бўлган сабрли,  зеҳнли, оқибатли, билимли,  донишманд халқимиздан етишиб чиққан буюк шахслар яратишди. Халқимизда бу улуғ неъматни қадрлаш ва уни асрашда масъуллик ҳисси кун сайин ортиб бораётганлигини  кўришимиз мумкин. 

“Янги Ўзбекистон” ни халқимиз ишонч билан барпо этишга ва унда ўз ҳиссаси бўлишига харакат қилмоқда. 1991 йилнинг 31 август куни Мустақиллик деклорацияси асосида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 31 йил тўлди. Албатта бу бир давлат учун қисқа давр, аммо шу қисқа давр ичида Ўзбекистонда эришилган улкан ва тарихий натижалар унинг меҳнаткаш сабр-қаноатли, танти халқининг кучли иродаси ва донишмадлиги сабаб деб биламан. Бугунги кунга қадар давлатимизда олиб борилган ислоҳотлар барча жабҳаларда кучли пойдевор яратилишига олиб келди. Ташқи сиёсатда ва ички сиёсатда кун сайин янги босқичга чиқмоқда. Тинчлик - осойишталик асосида ёшларимиз спорт ва илм-фан йўналишида жуда кўплаб давлатлар орасида юқори натижаларни эгаллаб, юртимиз шаънини янада баландларга кўтармоқда. Тарих ўз сўзини айтади деганлари бежизга эмас. Ўзбекистон заминида буюк инсонлар яшаган ва уларнинг авлодлари ҳам доимо буюкликка қараб интилади.

Сирдарё вилояти ҳам қишлоқ хўжалигидан саноатга ихтисослашган, янги замонавий технологиялар асосида қурилган ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти юқори ҳудудга айланди.  Бу бежизга эмас, одамлар тинчлик бўлган ва тараққиёти кун сайин ортиб бораётган ҳудудда янгича фикрлашга ҳамда ўз юртини янада ривожлатниришга ҳаракат қилмоқда. Бугун Сирдарёга келган инсон кечаги Сирдарёни қидириб топиши жуда қийин. Тўғри кимгадир бу гапларимиз эриш туюлар, Буюк саркарда Амир Темур айтганидек, “Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг!” деган сўзлари мамлакатнинг нечоғлик бунёдкорлик ва қудратга эга эканлигидан дарак беради. Келинг, кўринг ва гувоҳ бўлинг. Буларнинг барчаси Мустақиллик деган - буюк неъмат самараси.

Президентимиз олиб бораётган ислохотларни туб замирида ҳам инсон ва унинг қадри улуғланиб келинмоқда. Бу эса юртимизда нафақат иқтисодий балки ижтимоий барқарор ривожланаётганлигини кўрсатади. Қолаверса яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан юртимизда байрам шодиёнаси “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори илгари сурилмоқда.

Демак ўз-ўзидан кўриниб турибдики, тинчлик ва қадриятлар мустаҳкамланиши инсонлар ўртасида шукроналик туйғуларини ўйғотади. Мустақиллик деган-буюк неъматни барча қадрига етади, асрайди, авайлайди.

Жамол Комилов,

"Адолат" СДП Сирдарё вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+