Мустақиллик-олий неъмат

30.08.2022 09:08:19

Ўзбекистон Республикаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли мамлакатда барча устувор йўналишлар жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги беш йилда Президентимиз томонидан қатор давлат дастурлари, концепциялар ва миллий стратегиялар қабул қилиниши самарасида иқтисодиётнинг барча тармоқларида муҳим натижалар қўлга киритилди. Ҳозирги кунда юртимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, уларнинг маданияти, тили, урф-одатлари ва анъаналарини асраб-авайлаш йўлида барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Президентмиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллардан диний соҳага ўзбек халқининг миллий маънавиятининг ажралмас қисми сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Халқимиз томонидан истиқлолнинг дастлабки йилларидан виждон эркинлигини таъминлаш, диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида давлатимизнинг олиб бораётган сиёсатига катта ишонч билдирилаётгани бугунги кунда ушбу йўналишдаги хайрли ишларнинг тобора изчиллик билан ривожланиши тимсолида яққол намоён бўлмоқда. 15 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республикамизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга бағишланган «Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган сиёсат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси» моддаларида белгиланган тамойилларга ҳамоҳанг бўлиб, давлатимиз виждон эркинлигини таъминлаш борасида ўз зиммасига олган барча халқаро шартномаларни тўла-тўкис бажарилмоқда. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, 16 та диний конфессияга мансуб 2241 та диний ташкилот, шу жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият олиб бормоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти маркази фаолияти ташкил этилди.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллигимиз шарофати билан мамлакатимизда барча ислоҳотлар инсон қадри учун тамойили асосида ўз самарасини бериб келаётгани Мустақиллик олий неъмат эканини ифода этмоқда.

  Қаҳрамон РАҲИМОВ

"Адолат" СДП Боғот тумани Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+