Мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашганлар

29.08.2022 15:08:20

Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтган даврда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август — «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исъҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда. Мустақиллик туфайли аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимизни адо этишга имкон туғилди. Шу боис бу манзил қатағон қурбонларини хотирлайдиган муқаддас қадамжога, озод Ватанда туғилиб, камолга етаётган ёшларнинг зиёратгоҳига айланди.

Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг узоқ йиллар давомида олиб борган оғир ва машаққатли курашининг қонуний натижасидир. Ватанимиз тарихи мустақиллик халқимизга ниҳоятда қимматга тушганидан, бу йўлда катта қурбонлар берилганлигидан гувоҳлик беради. Эндиликда халқимизнинг ўз тақдири ўз қўлида, ўз мамлакатининг мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Туркистонда ўрнатилган мустамлакачилик зулми XIX аср охири ХХ аср бошларида янада кучайди. Чоризм иқтисодий жиҳатдан маҳаллий халқни талаш, эзиш билан бирга, уларни жаҳолатда, саводсизликда тутиб туриш, маънавий қашшоқлаштиришга интилар эди. Мустамлакачилар шу мақсадда ўлкага чиновниклар, ҳарбийлар, банкирлар, савдо-саноатчилар, муҳандис-техниклар, руҳонийлар, илмий кучлар, ишчилар, мужиклардан иборат малайларини сафарбар этган эди. Золимлар қанчалик уринмасин, маҳаллий аҳолининг ҳурлик, озодлик учун интилишини сўндиролмади, миллий озодлик ҳаракати кучайиб борди. Тарихий вазият миллат равнақини ўйловчи зиёлилар, маҳаллий буржуазия вакиллари, уламолар орасидан халқни уйғотиш, миллий онгини ошириш, бирлаштириш учун курашувчи кучларни тайёрлаб етиштирди. Шарқ билан Ғарбни таққослаб мусулмонлар ва туркийлар дунёси, хусусан Россия тасарруфига олинган мусулмонларнинг жаҳон тараққиётидан узилиб қолаётганини қрим-татар фарзанди Исмоил Гаспирали(1851-1914) биринчи бўлиб англади. У туркий халқлардаги жаҳолатни йўқ қилиш, маънавият-маърифат орқали тараққий топган мамлакатлар даражасига кўтарилиш ҳаракатини бошлаб берди. Исмоил Гаспирали маорифни ислоҳ қилиш, мактабларда дунёвий фанларни ўқитиш масаласини кўтарди. У 1884 йилда Қримдаги Боқчасарой шаҳрида жадид мактабига асос солди. 1893 йилда У Туркистонга келиб, илғор зиёлилар билан учрашди, Бухоро амири ҳузурида бўлиб битта жадид мактаби очишга розилик олди. 1903 йилга келиб Туркистонда 102 та бошланғич ва 2 та ўрта жадид мактаблари фаолият кўрсатди. 209 Туркистон жадидларига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқа ўнлаб миллий зиёлилар раҳнамолик қилдилар. Улар дастлаб маорифни ислоҳ қилиш йўлидан бордилар. «Усули жадид» мактаблари тармоғи кенгайиб борди, уларда диний таълимот билан бирга тиббиёт, ҳикмат, кимё, нужум, ҳандаса каби дунёвий билимлар ўргатилди, савод чиқариш тезлаштирилди. Талабаларга Туркистон, туркийлар тарихини ўргатишга алоҳида эътибор берилдики, бу уларнинг миллий онгини уйғотишга, жамиятни этник жиҳатдан бирлаштиришга хизмат қиларди. М.Беҳбудийнинг»Ўз уруғининг отини билмаган, етти отасини танимаган қул-манқуртдир» деган сўзлари талабаларни миллий ўзлигини англашга чақирар эди. Мунаввар қорининг»Адиби аввал», «Адиби соний», М.Беҳбудийнинг»Китобатул атфол», «Болалар мактуби», «Мухтасари тарихи ислом», «Жуғрофия», А.Авлонийнинг»Адабиёт», «Биринчи муаллим», «Туркий гулистон», «Мактаб гулистони» каби дарсликлари миллий мактаб вамиллий тарбияни юқори савияга кўтаришга хизмат қилди. Жадид мактабларида ҳар томонлама билимли, маънавий етук, ўз халқининг тарихини ва дунё ишларини яхши ўзлаштирган кадрлар тайёрлаб чиқарилди.

Жадидлар ёшларни чет элларга ўқишга юбориш ташаббуси билан чиқдилар. Бой табақанинг илғор вакиллари жадидларнинг бу ҳаракатини маъқуллаб, тегишли маблағ билан кўмаклашдилар. Кўпгина умидли ёшлар Германия, Миср, Туркия ва Россиянинг марказий шаҳарларига ўқишга юборилди. 1910 йили Бухорода мударрис Хожи Рафий ва бошқалар»Болалар тарбияси» хайрия жамиятини ташкил этиб, 1911 йилда15 та, 1912 йилда30 та талабани Туркияга ўқишга жўнатди. 1909 йилда Мунаввар қори тузган»Жамияти хайрия» ҳам мискин ва ожиз талабаларга ёрдам берар, ёшларни чет элга ўқишга юборишга ёрдамлашар эди. Жадидлар Туркистонда миллий матбуотга асос солдилар. Тараққийпарвар ўзбек зиёлиларининг етакчиси Асадуллахўжа ўғли Убайдуллахўжа 1913 йилда»Тараққийпарвар» деб ном олган зиёлиларнинг фирқасини тузади ва 1914 йилда фирқанинг»Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталари чиқарилади. Бу газеталар саҳифаларида эълон қилинган мақолалар оммани мустабид тузумга қарши қўзғатишга хизмат қилди. Жадидларга, бир томондан, мутаассиб руҳонийлар, иккинчи томондан, мустамлакачи маъмурлар қаршилик кўрсатдилар. Мутаассиб руҳонийлар жадидлар кўтарган барча янгиликларга қарши чиқишди. Улар жадидларни падаркушлар, мактаблари ҳақида эса»бу хил мактабда ўқувчи-талабалар биринчи йили газета ўқий бошлайди, иккинчи йили озодликни талаб қилишади, учинчи йили эса жаноби олийларини тахтдан ағдариб турмага тиқиб қўйишади» дер эдилар. Мутаассиблар тарихни тасвирлаш, ўқитиш беъманилик, даҳрийлик деб ҳисоблашди. М.Беҳбудий уларни фош қилар экан, Қуръони Карим ҳам, Муҳаммад пайғамбарнинг ҳадислари ҳам тарихга дахлдор эканлигини, Қуръони Каримнинг чорак қисми тарихий маълумотлардан иборатлигини асослаб беради. Мустамлакачи маъмурлар жадидлар ҳаракатини жиловлаш чораларини кўрдилар. Улар устидан назорат ўрнатар, газета ва журналларини ман этиб, нашриётларини бузиб ташлар, китоб дўконлари, қироатхоналарни ёпиб ташлар эди. Айниқса1905-1907 йиллардаги Россия инқилобидан кейин қатағонлик кучайди. Бу инқилобдан маҳаллий буржуазия ва заминдорларнинг бир қисми қўрқиб кетиб мустамлакачи маъмурлар паноҳига интилдилар. Жадидлар тобора олға юрдилар. Мустамлакачиларнинг жадидларга нисбатан қўллаган зўравонлик чоралари, уларни маънавий-маърифий ислоҳотдан сиёсий қаршилик кўрсатиш даражасига кўтарилишига олиб келди. Дастлабки сиёсий уюшма ва фирқалар вужудга келди. ХIX аср охири ваXX аср бошларида Туркистонда майдонга келган жадидчилик маданий-маърифий, миллий, ижтимоий-сиёсий ҳаракат эди. У ўсиб мустамлакачиларга қарши кўтарилган миллий-озодлик ҳаракатининг мафкурасига айланди.

Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.

Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.

Халқимизнинг ана шундай минг-минглаб фидойи ва матонатли ўғил-қизларининг хотирасини эслаш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини тарбиялаш муқаддас бурчимиздир.

Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.

Бугунги кун ёшлари қатағон тўлқини нафақат илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, давлат арбобларини, балки кўплаб оддий инсонларни ҳам ўз домига торт­гани ҳақида ҳаққоний маълумотларни қатағон қурбонлари музейидан оладилар. Бу эса, улар онгида ўз халқига ва юртига бўлган муҳаббатни янада кучайтиради, бугунги тинч-тотув, озод турмушни асраб-авайлаш учун бор куч-ғайратларини сафарбар этишга ундайди.

Жумладан, бугунги кунда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, маънавиятимиз, тарихий обидаларимиз, динимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш йўлида олиб борилаётган ишларни кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, аждодларимиз томонидан юксак маҳорат билан барпо этилган, асрлар бўйи маҳобати, гўзаллиги, нафислиги билан дунё аҳлини лол қолдириб келаётган тарихий обидаларимиз ҳам қатағон сиёсатининг мудҳиш асоратига тушган эди. Амир Темур мақбараси, ҳазрати Хизр масжиди, Оқсарой, Дорус-саодат, Қарши шаҳридаги Кўк гумбаз масжиди сингари меъморий обидалар қаровсиз қолдирилиб, харобага айлантирилган эди. Мисол учун, Қарши шаҳридаги Одина масжиди (XIV аср) тарихий манбаларда соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Регистон мажмуаси таркибига кирган мазкур иншоотнинг кўриниши ўз даврида ғоятда салобатли ва мафтункор бўлган. Афсуски, масжид бизгача асл ҳолида етиб келмаган, ҳарбий тўқнашувларда, айниқса, мустамлакачилик даврида бу намозгоҳ катта талафот кўрган. 1938 йилда эса, бу табаррук масканнинг атрофи баланд девор билан ўралиб, қамоқхонага айлантирилган эди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу маскан қайта таъмирланиб бугунги кунда Қатағон қурбонлари музейига айлантирилди.

Албатта, музейга келадиган ҳар бир юртдошимиз қалби ва онгида ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат ва садоқат ҳиссини уйғотиш, айниқса, ёшларимизни бугунги дориламон кунлар қадрига етишга, қатағон қурбонлари хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром ила муносабатда бўлишга ундаш экспозицияларнинг ғоявий мақсадини ташкил қилади.

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолияти, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотади, албатта.

Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.

Улуғбек Аширов, партия фаоли

Қарши давлат университети тузилмасидаги

Қатағон қурбонлари хотираси музейи илмий ходими

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+