Мутолаа: Бола ўғриси

21.09.2019 18:09:00

Унинг иши бир қарашда жуда осон эди. Катта пул эвазига шу жўн юмуш. Машинасида кўчаларни кезиб юради. 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларни қидиради. Сўнг пайт пойлаб, ёнига чақиради. “Юр, уйингга обориб қўяман. Машинада айланиб кетасан”, дейди. Бу кўпчилик болаларга ёқиб тушади. Айниқса попка ортмоқлаб уйга хорғин қайтаётган ўқувчилар дарров рози бўлишади. Бола беғубор қатлам бўлгани билан улар ичида пишиқлари ҳам бор. Айримлар таклифни эшитиши ҳамоноқ “Сиз кимсиз?”, деб қош чимиришади. “Дадангнинг ўртоғиман. У бугун сени уйга олиб бориб қўйишимни тайинлаганди”, дейди. Шунда ҳам қармоққа илинмайдиганлар бор, уларга навбатдаги хийла ишлатилади. “Мана, шоколад, машинага ўтир, ҳаммасини сенга бераман”. Бола ширинликни еб тугатмасидан кўзланган манзилга етишади. Овлоқ ердаги пастқам уйда болани қабул қилиб олишади. Иш битди, энди яна ўлжа излаш керак.

Кун пешиндан оғган. Мактаб дарвозасидан нарироқда болаларни кузатиб ўтирибди. Кимни гапга солса экан?.. Шу пайт чамаси 7 ёшлардаги, сочи иккита қилиб ўрилган, попкасини базўр ортмоқлаган қизча машина олдига келди.

-Амаки, жон амаки, мени уйимга кузатиб қўёлмайсизми?

-Уйинг қаерда?

-Ҳов машина йўлнинг нариги бетига ўтганда. 2-йўлак, 7-қават.

-Яхши, ўтир машинага.

Шу вақтгача ҳеч ким ўз бўйнини сиртмоққа тутиб бермаганди. Баъзи болаларни мажбурлаб олиб қочади. Бу қизнинг гапи қизиқ бўлди-ю. Ўзиям муштдек бўйи билан тили бурро, қақажон қиз экан. Оғзи тинмайди-я!

-Амакижон, бола ўғрилари ҳақида эшитдингизми? Роса қўрқяпти одам. Болаларингизни кўчага чиқарманг, хўп?

-Ўзингчи? Нега ёлғиз юрибсан?

-Ҳар куни ойим олиб кетардилар. Кеча укам билан шифохонага тушиб қолишди. Дадам сафарга кетганлар. Уйда ёлғиз бувим, фақат эшиккача зўрға келадилар холос, оёқлари оғрийди. Амаки, сиз ҳам болалигингизда ўғрилардан қўрққанмисиз?

-Йўқ...

-Унда яхши, мазза қилиб кўчада ўйнаган экансиз-да. Сизнинг пайтингиз ёмон одамлар бўлмаганми? Биз эшикдан мўралашгаям чўчиб қолдик. Ия, амаки, нега бошқа йўлдан кетяпмиз?

-Машинада сайр қилгин, дедим-да.

-Шарт эмас. Тезроқ уйга борсам бўлди. Бувимга қарашишим керак. Дори ичиш вақтларини ҳам мен эслатиб тураман. Амаки, сеҳргар бўлганингизда нима қилардингиз?

-Билмадим...

-Мен ўғриларни ер юзидан йўқотиб юборардим. Шунда ҳамма болалар бемалол ўйнашарди. Уйимга етай деб қолдикми?

-Ҳой қизалоқ, тўғрисини айт, нега менинг олдимга келдинг? Нега кузатиб қўйишимни илтимос қилдинг?

-Чунки ўғрилардан қўрқаман. Тушларимга кириб чиқяпти шу бола ўғрилари. Ўзи ойим касалхонага кетаётганларида “Биз уйга қайтгунимизча мактабга бормай тур, уйдан бир қадам ҳам ташқарига чиқма”, деб тайинлагандилар. Лекин мен ўқишни яхши кўраман. “Беш”ларим камайиб кетишини хоҳламайман.

-Гапни чўзма. Нега айнан мендан илтимос қилдинг буни? Кўчада одам кўп эди-ку.

-Кимга айтайкин, деб роса ўйлаб турдим, ўтган-кетганларга қарадим. Лекин сиз менга бошқача кўриндингиз. Дадам “Инсоннинг кўзидан қандай одамлигини билиш мумкин”, дейдилар. Сизнинг яхши одамлигингиз шундоққина кўриниб турибди.

-Оббо сен-эй! Мана, уйингга етиб келдик. Юқорига чиққунча қўрқмайсанми?

-Йўқ, ўзимиз тарафга келволдим-ку. Қўшниларимиз орасида бола ўғрилари йўқ. Катта раҳмат, амаки! Кейинги гал меҳмон бўлиб келинг. Ҳув анави уй бизники. Исмим Соҳиба. Дадамники Қаҳрамон ака. Сизники-чи?

-Меҳмон бўлиб келганимда айтарман.

-Айтмасангиз ҳам майли, мен сизни “Яхши амаки” деб чақираман.

Қиз машинадан тушиб, чопқиллаб кетди. У эса нимадир ёдидан кўтарилгандек машина эшигини очди.

-Соҳиба! Шошма, қайт орқангга! Тўхта, ҳой!

Қизча яна ўша чаққон қадамлар билан ортига қайтди. У қизнинг қўлларидан сиқди.

-Ажойиб қиз экансан! Сенга совғам бор. Манави шоколадларни ол.

-Вой, булар жуда кўп-ку. Биттаси етади.

-Ол, олавер. Энди уларнинг эгаси сенсан, менга бошқа керак бўлмайди.

-Сиз яхши амаки эмаскансиз.

-Ия, нега?

-Сиз зўр амаки экансиз! Сиздақаси йўқ!

Қиз яна йўлак дарвозасига етай деганда тўхтаб, машина олдига югуриб келди.

-Менда ҳам сизга совға бор. Фақат биттагина қолганди. Олинг.

-Ў-ў-ў, ширин конфет шекилли. Раҳмат! Бу умрим давомида олган энг катта совғам бўлди.

Орадан бир соат ўтдими-йўқми, ўша кўп қаватли уй яқинидаги оқар сув атрофида тумонат одам тўпланиб, ғала-ғовур бошланди. “Тез ёрдам” машинаси олдига милиционерлар бригадаси келиб тўхтади. Ҳамма ҳозиргина сувдан чиққан икки киши тепасида парвона эди.

-Ҳаммаси бир дақиқада рўй берди – дерди улардан бири хансираб – Шу ерда дўстимни кутиб тургандим. Бу одам келиб сувга узоқ тикилди, сўнг пастга ўзини отди. Телбалиги аниқ, ахир у чўмиладиган сув эмас-ку. Гангиб қолдим. Қутқаришга улгураман, деб ўйлагандим, афсус, кечикибман.

Милиционер йигитлар жасадни кўздан кечириб, ҳайрат ва ҳаяжондан ўзларини тутишолмади. “Ахир бу бир йилдан бери қидирувдаги жиноятчи, бола ўғриси-ку!”. Хозиргина ачинганидан кўзига ёш олиб турган одамлар милиция кўрсатмасисиз ҳам орқага тисарилишди. Худди бу жонсиз жасад уларга зиён етказоладигандек қўрқув чулғаб олди. Кимдир нафрат, кимдир аянч билан унга қарар, сўнг кўзини олиб қочарди.

-Қўли мушт тугилган. Нимани яширмоқчи бўлибди? Қаранглар, хавфли буюм эмасмикин?

-Конфет экан...

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+