Наманганда ҳудудий босқич ғолиблар аниқланди

08.11.2022 16:11:40

Ўтган куни Наманган шаҳридаги 24-болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ерга «Конституция ранглар жилосида» ижодий кўрик-танловининг вилоят босқичи қатнашчилари тўпландилар. Албатта, кўпларининг ота-оналари, устозлари ҳам ташриф буюрдилар. Давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, партиямиз фаоллари ҳозир бўлдилар.

Маълумки, Асосий Қонунимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган мазкур кўрик-танлов Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан ташкил этилган. Ижодий баҳсларда ўн саккиз ёшгача бўлган истеъдод эгалари иштирок этдилар. Улар ўз асарларида мамлакат Конституциясига бўлган муносабатларини, ундан олган таассуротларини намойиш қилдилар.

– Кўрик-танловга тайёргарлик жараёнида фаолларимиз тарғибот ишларини кенг кўламда олиб бордилар, - дейди «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Шунинг учун қатнашчилар сони кўп бўлди. Ҳайъат аъзоларига ҳам осон бўлмади. Чунки ёш мусаввирларнинг ҳар бир ижодий ишига холис, диққат ва эътибор билан ёндашишга тўғри келди. Конституция моддаларини талқин қилиш даражаси ҳамда тасвирнинг ҳаётийлиги бош мезон бўлди.

Ҳилола Абдусаломова Учқўрғон туманида туғилиб ўсган. Ҳозир Наманган шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактабининг 11-синфида ўқийди. У кўрик-танловга бир йўла олтита ижодий иш тақдим этди. Ҳаммаси юқори баҳога сазовор бўлди. Айниқса, «Замонамиз қаҳрамонлари» асари алоҳида эътироф этилди. Унда Бош Қомусда белгилаб қўйилган меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга ошираётган юртдошларимиз тасвирланган. Бўёқларнинг маҳорат билан танланганлиги, одамларнинг хуш кайфияти ва ҳаётидан мамнунлиги юзларидан сезилиб турибди. Шу каби омиллар туфайли Ҳилола ўз тенгдошлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

– Тасвирий санъат асосларини ўргана бошлаганимга тўрт йил бўлди, - дейди кўрик-танлов вилоят босқичининг ғолиби Ҳ. Абдусаломова. – Ўроль Тансиқбоев, Рўзи Чориев, Раҳим Аҳмедов каби таниқли рассомларимизнинг асарлари менга жуда ёқади. Улардан кўп нарса ўрганишга ҳаракат қиламан. Мактабимизнинг Фарҳод Сатторов, Илҳом Умаров каби ўқитувчилари бераётган сабоқлар шу соҳага қизиқишимни янада орттирмоқда. Келгусида ўқишни олий ўқув юртида давом эттириш ниятим бор. Асарларимда юртимизни, унда яшайдиган ажойиб инсонларни, она-табиатни ранг-баранг бўёқларда тараннум этмоқчиман.

Кўрик-танлов туфайли кўплаб навқирон мусаввирларнинг истеъдоди юзага чиқди. Улар орасида Моҳиноза Шокиржонова, Азизбек Аҳмедов, Бинафша Баҳромова кабилар бор. Бу ёш рассомлар ҳам вилоят босқичининг ғолиб ва совриндорлари бўлдилар. Энди уларнинг ижодий ишлари Тошкент шаҳрида намойиш этилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, 

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+