Наманганда «Конституция билимдони» танлови

21.11.2021 10:11:56

Саноқли ҳафталардан сўнг мамлакатимизда Конституция байрами кенг ва тантанали нишонланади.

Мамлакатимиз мустақил тараққиётининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган мазкур ҳужжатга бағишланган тадбирлар ўтказиш партиямиз фаоллари учун яхши анъанага айланиб қолди. Шу кунларда Наманган вилоятида ҳам Бош Қомусимиз қабул қилинган сана олдидан «Конституция билимдони» танлови ташкил этилди.

– Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини англаш, унинг аҳамиятини тушуниш ҳар бир инсон учун ниҳоятда муҳим, - дейди «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Шунинг учун тадбирнинг оммавийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратдик. Халқ таълими бўлимлари ва ўқув муассасалари раҳбарлари билан суҳбатлашилди. Жойларда ўтказилган танлов ғолиблари шаҳар ва туман босқичларига йўл олдилар. Бу орқали баҳсларнинг қизғин ва муросасиз курашда ўтиши, ҳақиқий билимлар синовига айланиши таъминланди.

Танлов ёрдамида кўплаб илмли ва изланувчан ёшлар аниқланди. Эътиборли жиҳати, улар қандайдир маълумотларни қуруқ ёдлаб олган йигит-қизлар эмас. Аксинча, улар орасида ҳар бир қоида ёки ғояни таҳлил қиладиган, баҳо берадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Мухлисахон Усмонова ана шундай ўқувчилардан. У Наманган туманидаги 23-умумтаълим мактабида таълим олади. Аввал ўз синфдошлари ўртасида Конституциямизни яхши билишини кўрсатди. Мактаб миқёсида ҳам унга тенг келадигани топилмади. Кейин ҳудудий босқичда ғалабага эришди. Энди эса вилоятда туман шарафини ҳимоя қилади.

Ёки Чортоқдаги 48-умумтаълим мактаби битирувчиси Сарвиноз Қувваталиевнани олайлик. У танловнинг туман босқичида биринчи ўринни эгаллади. Ҳайъат аъзоларининг унинг Бош Қомусимиз ҳақида ёзган мақолалари ҳакамлар ҳайъатини қойил қолдирди. Уларда ёш ватандошимизнинг жамият тараққиётига, ҳуқуқ ва бурч масалаларига, демократия ва шахс эркинлигига муносабатлари акс этган. Албатта, бундай ёндашувга ҳавас қилса арзийди.

Олий ўқув юртларида ҳам танлов қизиқарли кечди. Масалан, Наманган муҳандислик-технология институтида «Конституция билимдони» номини олиш учун олтита факультет талабалари кураш олиб бордилар. Умумий шартлар бажарилгандан кейин ўзаро баҳс-мунозара ҳам уюштирилди. Иштирокчилар бир-бирларига саволлар бердилар. Бунда тез, тўғри ва батафсил жавоб қайтариш асосий мезон қилиб олинди. Якуний натижага кўра автоматика ва энергетика факультети талабаси Бекзод Мирзаҳалимов ғолиб деб топилди.

Шундай қилиб, танловнинг шаҳар ва туман босқичлари ниҳоясига етди. Энди уларнинг ғолиблари вилоят миқёсида беллашадилар. Ҳозир бу тадбирга қизғин тайёргарлик кетмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+