Наманганда “Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла” дастурлари ижроси ўрганилди

13.06.2021 22:06:35

Ўзбекистон Республикаси транспорт прокурори Маъруфхон Хўжаев Наманган вилоятининг шаҳар, туманлари ҳудудларида ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ички йўлларни қуриш ва таъмирлашни самарали ташкил этиш, ажратилган маблағлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида белгиланган вазифалар юзасидан ҳар бир объект бўйича назорат йўлга қўйилган.

Наманган вилоятида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига 26 та маҳалла фуқаролар йиғини киритилган бўлиб, таъмирланиши режалаштирилган ички йўллар умумий узунлиги 205,9 километрни ташкил этади. Шу жумладан, 56,1 км. йўлни асфальтлаш, 149,8 км. шағаллаш назарда тутилган. Дастур лойиҳавий қиймати 85 981,0 миллион сўмни ташкил этади.

Шундан, 41,1 миллиард сўм Республика бюджети, 33,7 миллиард сўм маҳаллий бюджет, 11,053 миллиард сўм маблағ Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилган бўлиб, 26 маҳалла ҳудудида жойлашган 183 та кўча таъмирланиши режалаштирилган.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, ҳозирги кунга қадар 13 791,5 миллион сўм миқдорида 65,6 километр масофа бўйлаб асфальтлаш ва шағаллаш ишлари бажарилди.

Ўрганишлар жараёнида, Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” маҳалласи ҳудудидаги 16 та кўчани дастур асосида асфальтлаштириш ва шағаллаштириш ишлари билан яқиндан танишилиб, зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

Ушбу йўлнинг умумий узунлиги 6,496 километрни, лойиҳавий қиймати эса 2 645,1 миллион сўмни ташкил этади.

Шунингдек, ўрганиш давомида масъулларга режа асосида канализация, коммуникация ва бошқа тегишли ишлар бажарилганидан сўнг асфальт ётқизиш, юқоридаги ишларни бажармасдан туриб асфальтламаслик ҳақида тегишли топшириқ берилди.

Республика прокуратура органлари томонидан мазкур йўналишда ўрганиш тадбирлари давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+