Наманганда тингловчиларга сертификатлар топширилди

08.04.2021 12:04:16

Мамлакатимизда бу йил ўтказиладиган навбатдаги Президент сайловларига тобора оз муддат қолмоқда. Мазкур тадбирга бошқа сиёсий партиялар қатори “Адолат” СДП ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Барча минтақаларда тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ва таъсирчан олиб  бориш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шу жиҳатдан март ойида Наманган давлат университетида  партия ходимлари, депутатлар, фаоллар учун ўқув курслари ташкил этилганлиги айни муддао бўлди.

- Сайловлар ҳаммамиз учун катта синов ҳисобланади, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев. – Бундай имтиҳондан муносиб ўтиш, яъни партиянинг нуфузини янада кўтариш ҳаммамиз учун муҳим вазифадир. Бунинг учун ҳар биримиздан юқори даражадаги сиёсий билим, мулоқот маданияти, нотиқлиқ санъати, тезкорлик ва катта куч-ғайрат талаб этилади. Замонавий пиар технологиялари асосида иш кўриш ҳам озмунча аҳамиятга эга эмас. Шунинг учун партиядошларимиздан иборат ўттиз кишилик дастлабки гуруҳ ўқувда уюшқоқлик билан қатнашди.

Машғулотлар 15 мартда бошланди ва 28 мартгача давом этди. Намангандаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар ва техник воситалар ёрдамида қизиқарли ташкил этдилар. Ҳар бир сабоқ интерфаол усулда ташкил этилгани мавзуларни чуқур ўзлаштиришга кўмаклашди. Ўзаро савол-жавобларда эса янада кўпроқ тафсилотлар ойдинлашди.

Ўтган ҳафтада эса тингловчилар курсда олган билимларини синовдан ўтказдилар. Улар мустақил равишда интернет орқали  тест саволларига жавоблар қайтаришди.  “Ғалвир сувдан кўтарилганда”, яъни натижалар сарҳисоб қилинганда, ҳамманинг юзи ёруғ бўлди. Барча тингловчилар ўқишни муваффақиятли тугатгандиги учун сертификат олишга муносиб, деб баҳоланди.

Куни кеча мазкур сертификатлар эгаларига тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+