Наманганликлар акцияда фаол бўлишди

03.06.2022 16:06:13

Вилоят партия Кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ қон қуйиш марказига барвақт етиб келди. Тиббиёт ходимлари билан мулоқотда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этиладиган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги беғараз донорлик акциясига тайёргарлик қай даражада эканлиги аниқланди. Барча асбоб-ускуналар шайлиги, врачлар ва ҳамширалар бир кун аввал тегишли йўл-йўриқларни олганлиги маълум бўлди. Демак, инсонпарварлик ва меҳр-шафқатга йўғрилган эзгу тадбирни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш мумкин.

– Биз «адолат»чилар билан биринчи марта ҳамкорлик қилаётганимиз йўқ, - дейди марказ бош шифокори Зокиржон Ҳожимирзаев. - Бугун топширилган қон хасталикка чалинган ўнлаб болаларнинг соғайиб кетишига кўмаклашади. Бундай олийжаноб ишга дахлдорлик ҳисси ҳар биримизга қувонч бағишлайди, албатта. Партия ташаббуси билан ҳар йили икки бор ташкил этилаётган акция мамлакатимизда кенг жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлганидан ниҳоятда мамнунмиз.

«Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраевнинг айтишича, акция арафасида ўтказилган тарғибот ишлари яхши самара берди. Дастлабки уч соатдаёқ донорлар сафига қўшилишни истаганлар сони юз кишидан ошди. Тушдан кейин бу рақам янада ортиши кутилмоқда. Биргина Тўрақўрғон туманидан ўн уч киши етиб келди. Улар орасида туман ички ишлар бўлими масъул ходими подполковник Чўлпоной Абдураҳмонова бошчилигидаги ўн бир ходим бор.

– Осойишталик посбонлари ўтган йилги акцияда фаол қатнашгандилар, - дейди у. – Бу сафар ҳам шу анъанага содиқ қолинди. Ҳозир хизматдан бўш ходимларнинг илк гуруҳи етиб келди. Кўнгилли ва беғараз доноларнинг ташрифи яна давом этади.

Беғараз қон топшириш акциясида янгиқўрғонлик сафдошларимиз ҳам намуна кўрсатишди. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Гулчеҳра Усмонова марказга биринчилар қатори келди. У билан бирга яна етти киши беғараз донор мақомига эга бўлди.

Дарвоқе, «Адолат» СДП ўтказаётган тадбирга оммавий ахборот воситалари ҳам бефарқ бўлмадилар. Телевидение ва радио, қатор газеталарнинг мухбирлари, интернет нашрлар вакиллари, блогерлар вилоят қон қуйиш марказидан материаллар тайёрлашди.

– Бундай хайрли тадбирларда қатнашиш ҳар бир ижодкорнинг руҳини кўтаради, - дейди «Наманган» телеканали журналисти Илҳомжон Раҳматов. – Партия ташаббуси халқимиз орасида кенг оммалашгани кўриниб турибди. Бу, одамларимизнинг қалби меҳр ва саховатга тўла эканлигидан далолат беради. Ҳар бир юртдошимиз улардан ўрнак олса арзийди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+