Нархи қанча меҳрни айтинг?

30.05.2022 18:05:52

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалида бемор болажонлар ҳолидан хабар олиш, 1-июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрамона кайфият улашиш мақсадида хайрия акцияси ташкил этилди.

Ушбу хайрия акциясида бошқа ҳамкор ташкилотлар қаторида Маҳалла ва Нуронийларни қўллаб-қувватлаш Самарқанд шаҳар бўлими ҳам фаол иштирок этдик. Филиалнинг болалар бўлимига ташкилотчилар билан кириб келар эканмиз кунининг асосий қисмини битта хонада ўтказиб зериккан болажонлар эшикдан бирин – кетин муралаб олдимизга кела бошлади. Эртак ва мултфилим қаҳрмонлари кийимида ташриф буюрган меҳмонлар атрофида айланиб, уларни қўлларидан тортқилар, бағрига босиб қиқир-қиқир кулар эди. Биз нуронийлар бир четдан жимгина кичкинтой болажонларнинг қувончини кузатар эканмиз, жажжи жуссасига улкан дардни елкалаб олган бу болажонларнинг дардига шифо сураб дуога қўл очдик.

Партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси Б.Абдуҳалимов бошчилигида бўлимда болажонларга даво муолажаларини қилиб келаётган малакали шифокорлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг фикр мулоҳазалари таклифларини тингладик. Шифокорларнинг куйиниб гапиришича фуқаролар ўртасида ушбу хасталикни эрта аниқлаш мақсадида жойларда ташкил этилаётган кўчма тиббий текширувларга фуқаролар ташриф буюришини, текширувдан ўтишни кўпам исташмаслиги маълум бўлди. Ушбу масалада ҳам “Адолат” СДПнинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида  ҳамкорлик қилишга, бу борада тарғибот ишларини кенг кўламда олиб боришга келишиб олдик.

Албатта, бу хасталик билан курашиш қанчалик оғир юк эканини бугунги тадбирда фарзанди билан шўх қўшиқларга рақсга тушиб ҳам кўз ёшларини тия олмаётган оналар, фарзандим чарчаб қолмасмикан деган хавотирда ундан кўзини олмай безовта боқаётган оталарни кўриб ҳис қилдик. Биз нуронийлар номидан ушбу тадбирни ташкил этган ташкилотчиларга миннаторчилик билдирамиз. Бу каби хайрия тадбирларида биз ҳамиша партия билан ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз.

 

Маҳалла ва Нуронийларни қўллаб-қувватлаш Самарқанд шаҳар бўлимининг бир гуруҳ фаоллари

Гулбахор Хусаинова,

Собир Юнусов,

Райимберди Юсупов,

Раҳмон Рузиев

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+