Натижа, таҳлил ва янги режалар

20.08.2021 10:08:33

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган интервьюси ўтиб бораётган ҳафтадаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Уни биз “адолат”чилар ҳам катта қизиқиш билан ўқидик.

Давлатимиз раҳбарининг миллий оммавий ахборот воситасига берган мазкур биринчи  интервьюси ўзининг кенг қамровлилиги билан ажралиб туришини қайд этиш лозим. Унда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг турли соҳаларига, атрофимизда рўй бераётган  воқеа-ҳодисаларга холис муносабат, ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига берилган теран баҳолар акс этган.

Шу ҳақда мушоҳада қиларканмиз, беихтиёр Президентимизнинг бундан уч йилча муқаддам нима учун интервью бермасликларини қандай изоҳлаганликлари ёдга тушади.   «Қачонки ишимизда натижа бўлса, кейин интервью бераман», деган эдилар ўшанда. Чиндан ҳам Шавкат Миромонович мамлакатга раҳбарлик қила бошлаганига яқинда беш йил тўлади. Энди ўтган даврда эришилган натижаларни таҳлил этиш, ютуқ ва камчиликларни аниқлаш ва уларни изоҳлаш мумкин. Айни вақтда келажак учун янги вазифалар ва марраларни белгилаб олса бўлади.

Эътиборли жиҳат шундаки, кейинги йилларда юртимизда “Янги Ўзбекистон” деган ибора пайдо бўлди. У биринчи навбатда   мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришларга берилган ўзига хос таърифдир. Мазкур оламшумул жараёнларнинг ташаббускори, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг раҳбари ҳеч шубҳасиз, Президентимиз ҳисобланади.

Президентимиз яқин ўтмишда юз берган ўзгаришлар ҳақида гап борар экан, ўз фикрларини қуйидагича билдирган. “Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди. Тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси – Асосий қонунимиз ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ватанимиз суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Мана шундай унутилмас тарихий жараёнларда фаол иштирок этиш насиб этганидан бахтиёрман.”

Давлатимиз раҳбари ўтган даврда катта ютуқлар қўлга киритилганлигини қайд этиш билан бирга айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигини ҳам таъкидлайди. Чунки эски тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этиш сари йўл тутилганлиги қатор  муаммо ва вазифаларни кун тартибига  қўйди. Бундай вазиятдан чиқиш  учун билим ва тажриба, ирода ва қатъият етишмай қолган ҳоллар ҳам бўлди. Шунда  янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив заруратга айланди. Бундан бошқа йўл йўқлиги равшан эди.

Интервьюда “янги” деган сўзда ҳам ажойиб мазмун борлиги баён этилган. У энг кўҳна байрамларимиздан бири - Наврўз билан ҳамоҳанглиги айтилган. Қолаверса,  ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз “жадидчилик”, яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанлари эсланган. Улар  жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишни мақсад қилган эдилар. Демак, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳам мамлакатни тараққиётнинг янги, янада юксак марраларига олиб чиқиш, халқ турмуш фаровонлигини юксак даражага кўтаришни назарда тутади. Ҳозир айнан мана шу йўлда дадил одимлар ташланмоқда.

Биз интервьюда тилга олинган битта йўналиш ҳақида фикр билдирдик, холос. Аслида бундай мавзулар жуда кўп. Нафақат партия ходимлари, балки фаолларимиз ўртасида ҳам уларни кенг тарғиб қилишни режалаштирдик. Зотан, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон унда кўтарилган масалалар билан яқиндан танишиши лозим.

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+