Натижалар таҳлил этилди, янги вазифалар белгиланди

23.12.2021 13:12:26

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг 27-сессияси бўлиб ўтди. Унинг иштирокчилари вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сенатор Шавкат Абдураззоқовнинг 2021 йил якунлари ва 2022 йилга мўлжалланган истиқболли режаларга оид мурожаатини тингладилар.

Таъкидлангандек, 2021 йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот 30,6 триллион сўмни ташкил этиб, 8,5 фоизга таъминланиши кутилмоқда. Ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 116,5 фоизга (13 трн. сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,5 фоизга (20,2 трлн.сўм), пудрат ишлари 112 фоизга (5,1 трлн.сўм), чакана савдо айланмаси 110,4 фоизга (14,2 трлн.сўм) ва жами хизматлар ҳажми 124,5 фоизни (12,2 трлн.сўм) ташкил этмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари режаси 1,7 трлн. сўм бўлиб, амалда 1,9 трлн. сўм ёки 220 млрд. сўмга (110,7 фоиз) ортиғи билан бажарилди.

Вилоят иқтисодиётидаги кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни   якунланаётган йил натижалари билан янада мустаҳкамланди.  Ўтган давр мобайнида 6135 та янги тадбиркорлик  субъекти ташкил этилди. Яратилган қулай бизнес юритиш муҳити, энг муҳими, аҳоли ва тадбиркорларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда Йил давомида тижорат банклари ва жамғармалар томонидан ажратилган 5,1 триллион сўмлик кредитлар ёрдамида қатор истиқболли лойиҳалар ижросини таъминлади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик соҳаси учун йўналтирилган 787,4 миллиард сўм 35559  кишига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имконини берди.

Мурожаатда қурилиш соҳасида амалга оширилган ишларга ҳам кенг ўрин берилгани диққатга сазовордир. Хусусан, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2 820 хонадонга эга 109 та кўп қаватли уй-жой қурилганлиги қайд этилди. Масалан,   Чуст туманижаги  “Гулзор”,   Чортоқ туманидаги “Дўстлик”,  Поп туманидаги “Миришкор” маҳаллалари ҳудудида “Янги Ўзбекистон массивлари”да жами 640 та хонадонга эга 32 та кўп қаватли уй барпо этилади. 

Энг аввало, Наманган  – аҳолисининг сони миллион кишидан иборат шаҳарга айланади. Бунинг учун, Давлатобод тумани “Юксалиш” массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади.

Кичик саноат зоналари бизнесни йўлга қўйишнинг ишончли майдонига айланмоқда. Уларда зарур инфратузилма етарли - ғоя ёки лойиҳани амалга ошириш керак, холос. Ҳозир 73 та шундай КСЗда 6,7 триллион сўмлик қийматга эга 1154 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар уларнинг 1,4 триллион сўми ўзлаштирилиб, 257  нафар ташаббускор ишни бошлаб юборди.

Албатта, мурожаат фақат қўлга киритилган ютуқлар ҳамда эришиоган натижаларни баён этишдан иборат бўлиб қолгани йўқ. Аксинча, ҳар бир соҳадаги ҳақиқий аҳвол атрофлича  таҳлил этилди, мавжуд камчилик ва муаммолар рўй-рост айтилди. Бунга вилоят ҳокимининг қуйидаги сўзлари мисол бўла олади: «Наманган туризм борасида жуда катта салоҳиятга эга. Афсуски, бу борадаги имкониятларимизни ҳали тўлиқ сафарбар этганимиз йўқ. Мазкур бўшлиққа барҳам бериш мақсадида Чортоқ тумани экотуризм зонасига, Чодак, Нанай ва Олмазор эса туризм қишлоқларига айлантирилади. Туризм қишлоқларидаги оилавий меҳмон уйлари сони 300 тага, туроператор ҳамда турагентлар сони эса 30 тага етказилади. Поп, Чортоқ, Чуст, Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари туризм йўналишига ихтисослаштирилиб, 25,5 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилади».

Қўйилган вазифалар кўлами ҳам шунга яраша салмоқли бўлди.  Вилоятда туризм хизматлари экспорти ҳажмини 10 миллион доллар, вилоятга келувчи туристлар оқимини эса 3 миллион кишига етказиш зарур. Бунинг учун  5 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, уларга олиб борувчи инфратузилма тизими  тикланади.

Мурожаатномада вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2022 йилга мўлжалланган режа ва кўрсаткичлари депутатлар эътиборига ҳавола қилинди. Олий таълим соҳасида 10 та муассаса ташкил этилади.  Халқаро рақамли университет, Покистон Ислом Республикаси Лаҳор университети билан ҳамкорликдаги, шунингдек, “Янги аср университети”, ихтисослаштирилган Ибрат мактаби қошидаги хорижий тиллар университети шулар жумдасидандир.

Сессия якунлангандан сўнг журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+