Натижалар танқидий таҳлил этилди

23.10.2019 11:10:56

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан VIII сайловолди ҳисобот конференцияси ўтказилди. Сирдарё вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси хузуридаги Фермерлар Кенгашида бўлиб ўтган мазкур конференцияда партия ходимлари, депутатлар, делегатлар, фаоллар, Аёллар ва Ёшлар қаноти, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Конференцияда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотининг 2015-2019 йиллардаги сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти тўғрисида сўз борди.

Жорий йилда мамлакатимиз сиёсий партиялари олдида улкан ва масъулиятли ташкилий-партиявий вазифалар турибди. Бу эса барча кучларни сафарбар этиш, партия тизимларида ишни мукаммал ташкиллаштириш, партия кадрлари ва фаолларининг мақсадли ва собитлик билан фаолият кўрсатишларини талаб қилади.

Шу боис конференцияда жорий йил натижалари партиянинг келгуси даври – 2020-2025 йиллардаги фаолиятини белгилашда устувор аҳамиятга эга бўлиши  таъкидланди.

Партия тизимида барча органлар таркиби сайлов асосида шаклланиши, ҳисобот-сайлов конференциялари партия ташкилотлари раҳбар органлари ҳисобдорлигини таъминлаш ва сифат жиҳатидан янги таркибдаги раҳбар органларини сайлашга қаратилганлиги, ушбу акцияга партиянинг барча аъзолари ва ташкилотлари -   18 000 га яқин аъзо,  203 та БПТ жалб этилиши назарда тутилганлиги маълумот сифатида келтириб ўтилди.

Шу билан бирга, сайловларда муносиб иштирок этиш учун олдинги сайлов кампанияларини чуқур танқидий таҳлил этиш ва бошқа сиёсий партиялар салоҳиятини ўрганиб чиқиш зарур эканлиги алоҳида тилга олинди. Партия тизимида кадрлар билан ишлашни тубдан такомиллаштириш, партия сафларини ватанпарвар, билимли, ташаббускор кадрлар билан тўлдириш, уларнинг доимий равишда сиёсий саводхонлигини ошириб бориш мақсадида улар учун сиёсий ўқувлар ташкил қилиб бориш керак эканлиги айтиб ўтилди. Кун тартибига жорий йил сўнгида бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловига ҳозирдан тайёргарлик кўриб бориш, истиқболли кадрлар заҳирасини яратиб, уларни вакиллик ва ижро органларидаги масъул лавозимларга тавсия этиб бориш масаласи қўйилди.

Тадбир  давомида  кун тартибидаги масалалар бўйича ҳудудий партия раиси, депутатлик гуруҳи раҳбари, назорат тафтиш комиссияси, ижроқўм аъзоларининг ҳисоботлари тингланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Қурултойида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.

Конференция сўнгида билдирилган таклифлар, муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+