Навбаҳордаги қайси кўчалар асфальтланади?

27.08.2019 16:08:26

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида Навбаҳорда маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш ва ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганиб чиқилди.

Партия Сиёсий Кенгаши, вилоят партия ташкилоти вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ туманнинг “Ўзбекистон”, “Оқ олтин”, “Келачи”, “Янгийўл”, “Ғужбоғтепа”, “Навбаҳор” маҳаллаларида бўлиб, йўлларнинг ҳолати билан яқиндан танишди.

Туман автойўл корхонасининг маълум қилишича, маҳаллаларда янги йўл қурилгандан сўнг икки, уч ой ўтиб одамлар томонидан кавлаш, бузиш ишлари олиб борилиб, янги йўлларнинг сифатига путур етмоқда. Қум-шағал аралашмаси ташланган йўллар кавлаш ишлари натижасида тупроқ кўчага айланмоқда. Оқибатда чанг-тўзон ҳавога кўтарилиб аҳолига қийинчилик туғдирмоқда.  

- Туманнинг “Оқ олтин” маҳалласи “Камар” қишлоғига янги асфальт ётқизилган. Афсуски, оғир юк машиналарининг ҳаракати натижасида йўлнинг чет қисмларига дарз кетган, - дейди туман автойўл корхонаси иш юритувчиси Лазиз Абдуалиев.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ва маҳаллалар раислари иштирокида Навбаҳор туман ҳокимлигида йиғилиш ўтказилди. 

Йиғилишни вилоят партия ташкилоти раиси Р.Хайитов кириш сўзи билан очиб, юртимизда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, янги автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимиз тараққиётига ҳисса қўшибгина қолмай, аҳолига катта имконият ва қулайликлар яратаётганини таъкидлади.

Халқ депутатлари вилоят ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан маҳаллалар ичидаги йўллар ҳолатига зарар етказиш, хусусан йўлларни бузиш, ўзбошимчалик билан ковлаб қувурлар ётқизиш, уларни асл ҳолатига тикламаслик сабабларини ўрганишни тақозо қилмоқда.

Шу мақсадда, ўтган йили халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда ишчи гуруҳи тузилиб, туман ва шаҳарлардаги ички йўллар ҳолати ўрганиб чиқилди.

Айниқса, Навбаҳор туманидаги “Янгиқўрғон” маҳалласи “Супаркент” қишлоғи, “Янги йўл” маҳалласи “Оқтом” кўчаси чорраҳаси, “Навбаҳор” маҳалласидаги чорраҳа йўли, “Бешрабод” маҳалласи ҳудуди чорраҳасидан киришдаги “Бобуршоҳ” кўчаси, “Мирзо Улуғбек”, “Ялтирабод”, “Пахатакор”, “Бурқут” МФЙ кўчаларидаги ички йўллар ўзбошимчалик билан қазилиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги аниқланди.

Натижада Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунининг вилоятдаги ижроси, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолати 2018 йили Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига масала сифатида олиб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Қарор ижроси юзасидан маҳаллалардаги таъмирталаб йўллардаги муаммолар бугун бартараф этилмоқда.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати З.Султонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши матбуот хизмати раҳбари Б.Бурханитдиновлар сўзга чиқдилар.

Юртимизда йўл соҳасида юзага келган ҳақиқий ҳолат ва унинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ йўл тармоғи ҳолатини сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳаллалардаги ички йўллар қайта таъмирланиб, янгидан асфальтланмоқда. Кўча ёритгичлари ўрнатилиб, ичимлик суви, электр энергия тармоқлари янгиланмоқда. Бу эса аҳолининг оғирини енгил қилиб, маҳалла аҳлига чексиз қувонч улашмоқда.

- Тумандаги маҳаллаларда қайси кўча асфальт бўлиши номма-ном аҳолига тушунтирилиши керак. Биринчи навбатда ачинарли, кўримсиз бўлган маҳалла кўчаларига қум-шағал аралашмаси ташланиши зарур, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати З.Султонов.

Йиғилишда туман автойўл корхонаси праҳбари М.Фозилов ва Навбаҳор туман ҳокими ўринбосари У.Назаровларнинг ҳисоботи тингланди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида туманнинг “Қалқонота”, “Қоражон”, “Оқ олтин” қишлоқларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қишлоқларда 25,7 км асфальт, 57,5 км қум шағал аралашмали ички йўллар қуриш режалаштирилган. Ҳозирда 12,5 км йўл асфальтланиб, 43 км.га  қум-шағал аралашмаси ташланган.   

- Йўлларни қуришда ичимлик суви ўтказиш, ўй-жойлар билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Ичимлик сувини ўтказиш натижасида йўлнинг сифати бузилмоқда. Аҳолининг уйлари кўчага чиқиб кетганлиги ҳам асфальт қилишга қийинчилик туғдирмоқда, - дейи туман автойўл корхонаси раҳбари М.Фозилов. Шунинг учун ичимлик суви ташкилотлари йўл корхонаси билан мувофиқлашган ҳолда қувур тортиш ишларини олиб бориш керак.

Туманнинг “Оқ олтин” маҳаласида қум-шағал аралашмаси ташланган кўчанинг ўн икки жойи аҳоли томонидан  кавлаб бузилган. Натижада бу кўчани асфальт қилишнинг имконияти йўқ. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш, жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.

Йиғилиш якунида ўзаро савол-жавоблар бўлиб, ички йўллардаги бузилишларни қайта тикламаслик ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нуриддин РАЖАБОВ,

“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+