Навоийда “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг туман босқичлари якунланмоқда

23.07.2021 16:07:01

Қизилтепа туманидаги 12 умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қизилтепа туман Кенгаши ташаббуси билан туман  Маҳалла  ва  оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорликда  “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Қизилтепа туман босқичи бўлиб ўтди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад юртимизда азалий қадриятларимизни авайлаб асраш, миллий маънавий меросимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда оила ва никоҳнинг муқаддаслигини эътироф этиш, оилавий қадриятларнинг ўрнини ошириш, ажримларнинг олдини олиш, оилада ҳуқуқий онг ва  маданиятни юксалтиришдан иборат.

Ушбу кўрик-танловда маҳаллалар кесимида ўтказилган саралаш босқичидан ўтган ғолиблардан 8 нафар намунали қайноналар кўрик-танлов шартлари бўйича ўзаро беллашди.

Айниқса, туманимиздаги “Маданият”, “Тожигон” ҳамда “Ванғози” маҳаллалари онахонларининг иштироклари танлов ҳакамлари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Қизғин беллашувлар натижасига кўра,  туманнинг “Ванғози” маҳалласида яшовчи Мубина ая Қосимова ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб топилди.

-Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган кўрик-танлов юртимизда турли сабаблар билан оилавий ажримларнинг ортиб бораётган бир вақтда ўтказилиши айни муддао бўлмоқда. Умуман олганда партия ташаббуси билан илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар ўзининг халқчиллиги ва долзарблиги орқали кенг жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда, - дейди туман Маҳалла ва  оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Гулруҳ Шодиева.

Барча иштирокчилар ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Адолатли қайнона” танлови туман босқичи ғолиби вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Мунира ЭШМУРОДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Қизилтепа туман Кенгаши

раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+