Навоийда донорлар сафи кeнгаймоқда

07.06.2022 12:06:11

1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Навоий вилоят Кенгаши томонидан Навоий вилоят Қон қуйиш станциясида партиянинг «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.

Аҳамиятлиси, партия томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу акция йилдан йилга жамоатчилик орасида янада кенг оммалашиб бормоқда. Жорий йилда ўтган акцияда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, партия фаолларидан ташқари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа турли соҳа вакиллари ҳам фаол иштироки кенгайиб бормоқда. Жумладан, Навоий Кон металлургия комбинати ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш маркази раҳбарияти ва ҳарбий хизматчиларининг бир гуруҳи иштирок этди.

Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган ушбу акцияни Навоий вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.

Ушбу тадбирнинг бош мақсади ҳам инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборатдир.

Навоий вилоят қон қуйиш станциясида мазкур акция доирасида партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари ва партия фаолларидан иборат кўнгилли донорлардан қон қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди.

«Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги беғараз донорлик акциясида беғараз қон топширган партия фаоллари, депутатлари ва кўнгиллилар қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшганидан мамнун бўлишди.

- Ўзим донорман, бу йил ҳисобидан иккинчи марта қон топширишим, албатта қон топшириш ниҳоятда катта савобли иш. Бироқ, ҳар сафар ушбу масканга келганимда бир масала донорларга ноқулайлик туғдиради. Донорларни рўйхатга олиш учун тиббий картасини топиш ва тиббий таҳлилларини олиш бир мунча ортиқча вақтни олади. Агарда донорлар тўғрисидаги тиббий карта маълумотлари тезроқ электрон шаклга ўтказилса, бу каби оворагарчиликларни олди олинарди. Бугун айниқса, биринчи марта қон топшираётган кўнгилли донорлар ишга шошганидан қон топшира олмасдан кетиб қолмоқда, - дейди партия фаоли Ҳамид Жумаев.

Қайд этиш керакки, партия томонидан бундай акциялар ҳар йили икки маротаба 3 декабрь - Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 1- июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказиб келинмоқда.

Қувонарлиси, ушбу донорлик акцияларида иштирок этиб келаётган ўнлаб кўнгиллилар кейинчалик доимий донорлар сафига қўшилишмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+