Навоийда “Конституция билимдони” аниқланди

25.11.2022 09:11:14

“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши томонидан Навоий юридик техникуми фаоллар залида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик-танлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинмоқда.

Танловда Навоий юридик техникум ўқувчилари, туман ва шаҳар умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицейларнинг вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган иқтидорли ўқувчилари иштирок этишди.

Навоий вилоятининг турли туманлари шаънини ҳимоя қилган 11 нафар иштирокчи 3 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Жумладан, 1-шарт таништирув шарти, 2 - шарт – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси ва “Сиёсий партиялар” тўғрисида савол-жавоб, 3 – шарт – эркин мавзу деб номланиб, бу шартда иштирокчи томонидан “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда” мавзусида ижодий иш тайёрлаш каби йўналишлар асосида ўқувчилар ўзаро беллашдилар.

Қолаверса, тадбирда иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Аҳамиятлиси, тадбир беллашган ўқувчиларнинг аксарияти ўзларининг конституция ва қонунларимизга оид билимларини ўз чиқишлари давомида бир нечта тильда равон баён этишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Қизилтепа тумани иштирокчиси Музаффарова Рухшона, 2-ўринни юридик техникум ўқувчиси Ергашева Перизат, 3-ўринни юридик техникум ўқувчиси Норматова Озодалар эгаллашди.

Тадбир якунида юқори ўрин соҳибларига диплом ва эсдалик совғаларига, қолаверса фаол иштирокчилар ҳам фахрий ёрлиқ ҳамда совғалари топширилди.

Мазкур танловда 1-ўринни эгаллаган Музаффарова Рухшона Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини  қўлга киритди.

 

“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+