Навоийда конституция билимдони аниқланди

27.11.2023 15:11:54

“Адолат” СДПнинг Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят юридик техникумида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги ҳамда партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида юридик техникум билан ҳамкорликда “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, партия вилоят Кенгаши ходимлари, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари, партиянинг “Ёш адолатчилар қаноти” фаоллари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мазкур кўрик-танлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур танловда вилоят юридик техникум ўқувчилари, туман ихтисослаштирилган мактаблари иқтидорли ўқувчилари ўзаро беллашдилар.

Навоий вилоятининг турли туманларини шаънини ҳимоя қилган 9 нафар иштирокчи 3 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчилари ва партия масъулларидан иборат ҳакамлар ҳайъатининг якуний берган натижаларга кўра, Навбаҳор туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиза Тошпўлатова биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

Азиза Тошпўлатова, танлов иштирокчиси Навбаҳор туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси:

Ушбу танлов конституциямиз борасидаги ҳуқуқий билимларимни яна бир бор синовдан ўтказишимга муносиб имконият бўлди. Тенгдошларим ўртасида вилоятда биринчиликни қўлга киритдим, бунгача эса туманимиздаги тенгдошларим орасида олий ўринни эгаллаган эдим. Танловнинг республика босқичида юқори ўринни эгаллаб, келажакда мен Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириб, етук адвокат бўлиб юртимга муносиб хизмат қилишни мақсад қилганман.

Тадбир якунида танловнинг барча иштирокчилари вилоят партия кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Адолат” СДП
Навоий вилояти
Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+