Навоийда номзоднинг ишончли вакили брифинг ўтказди

23.09.2021 14:09:09

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ўзбекистон Республикаси Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили – “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгашининг раиси Рустам Хайитов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, партия фаоллари, блогерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда ишончли вакил туман ва шаҳарларда ўтказиладиган тадбирларнинг календарь режаси ишлаб чиқилиб, сайловчилар билан бўладиган учрашувлар жонли мулоқот тарзида ўтказилишини таъкидлади.

Брифингда ишончли вакил томонидан номзоднинг сайловолди дастурида жамиятимиздаги энг оғриқли масалалар қамраб олинганлигига эътибор қаратди. Жумладан, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз, юз фоиз қамраб олинишига эришиш, социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қилиш кабилар тилга олинди. Шунингдек, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйиш каби муаммолар ўрин олганлигига урғу берди.

Шу мақсадда дориларнинг ягона электрон базаси тизимини шакллантириш ёрдамида дори-дармон спекуляциясига, дориларнинг нархи асоссиз оширилишига чек қўйиш каби долзарб масалалар журналистлар томонидан қизғин кутиб олинди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Навоий вилоятида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Б.Абдуҳалимовнинг ишончли вакили Р.Хайитовнинг Навоий вилоятидаги сайловчилар билан учрашувлари режаси тасдиқланган. Унга кўра, жорий йилнинг 28 сентябридан то 21 октябрга қадар Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Хайитовнинг вилоятдаги барча 11 та туман ва шаҳарларда сайловчилар билан юзма-юз учрашувлар бўлиб ўтади.

         Самимий руҳда ўтган тадбирда журналистлар ва блогерлар партия ҳамкорлигининг нечоғли муҳим эканлиги эътироф этилиб, ОАВ томонидан тарқатилаётган ахборотларнинг тезкорлиги ва холислигини таъминлашда ўзаро ахборот алмашишга келишиб олинди.

 

Адолат” СДП Навоий вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+