Навоийдаги долзарб экологик муаммолар депутат нигоҳида

02.07.2024 14:07:16

Бугунги кунда Навоий шаҳри аҳолисининг қийнаб келаётган энг жиддий муаммолардан бири – маиший  чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикованинг Навоий  шаҳрининг турли ҳудудларида сайловчилар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўтказилган учрашувларида ҳам маиший чиқиндиларни олиб чиқиш муаммоси долзарблиги таъкидланди.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, аҳоли чиқиндининг ўз вақтида олинмаслигидан, айниқса, ёзнинг жазирамасида бу ҳолат  янада оғирлашаётганидан шикоят қилмоқда. Бу нафақат аҳоли учун ноқулайлик туғдирмоқда, балки шаҳардаги санитария-эпидемиологик вазиятга ҳам таҳдид солмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу муаммони ҳал қилиш учун шошилинч чоралар кўриш керак.

Депутат Инна Коржикова  масъуллар ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакилларига муаммо ечимига қаратилган бир қатор тавсияларини берди. Жумладан,  ёзда ахлат йиғиш частотасини ошириш,  чиқинди ташиш машиналарига ўз вақтида техник хизмат кўрсатишни таъминлаш, аҳолида  чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш қоидалари ҳақида хабардорликни ошириш,  чиқиндиларни олиб чиқишни бошқариш ва уларни қайта ишлашни назорат қилиш учун янги технологияларни жорий этиш эътибор қаратиш лозимлигини билдирди.

Фақатгина маҳаллий ҳокимият органлари, чиқинди корхоналари ва аҳолининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ушбу ўткир муаммони ҳал этиш ва барча шаҳар аҳолиси учун тоза ва соғлом турмуш шароитини яратиш мумкин. Умуман олганда, депутат Инна Коржикованинг жойларда ўз сайловчилари билан ўтган мулоқотларида кўтарилган барча масалалар юзасидан тегишли соҳа вакиллари билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатилиб, уларни ҳал этишга қаратилган зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

«Адолат» СДП

Навоий вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+