Наврўзда ушалган орзу

28.03.2022 10:03:59

Наманган шаҳридан йўлга тушиб, Тўрақўрғон ва Чуст туманлари чегарасидан ўтгач, биринчи қайрилишдан ўнгга бурилдик. Сўнг яна оз-моз юриб, тумонат йиғиннинг устидан чиқдик. Наврўз шукуҳидан даракдор бу давра, жонимиз пайвандлари – жажжи фарзандларга атаб қурилган янги боғчанинг тантанавор очилишини ўтказмоқда эди...

Чустнинг “Чустнон-Дўстларобод” маҳалласида очилган бу боғча аввал ҳам бордайин эди. Аммо, атиги 70 ўринли  маскан анчайин ғариб, боз устига ўтган асрнинг 74-йилида қурилганлигидан  эскириб бўлган эди. Инчунин, Чустнон-дўстларободликлар айтишарди: “Бизнинг ҳам маҳаллада янги, замонавий боғча қурилса, фарзандларимиз яхши шароитларда, яхши тарбия топиб, камолга етса!..”

“Яхши ният – ёрти мол”, дейди халқимиз. Қувонарлиси, одамларнинг узоқ йиллик орзуси бир кунда ушалди. Яъни, “Обод қишлоқ” дастури доирасида бу  икки маҳаллада, ҳар бири 120 ўринли, лойиҳа қиймати эса, қарийб уч ярим миллиард сўмдан, жами 7 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган 2 та – 25- ҳамда 19- давлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш жоизки, бу икки ташкилотнинг очилишига бағишланган тадбирлар ўзига хос тантанавор тарзда ўтди. Бошқача айтганда, “Наврўз” шукуҳига тўла байрамга айланиб кетди. Тадбирларда маҳалла аҳлидан иборат ота-оналар, нуронийлар, тумандаги соҳа вакиллари, сектор раҳбарлари, хусусан, Чуст туман ҳокими, “Адолат” СДП аҳзоси Бекзод Ҳамдамов, Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова, кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этдилар. Улар янги қурилган мазкур ташкилотларда яратилган шарт-шароитлардан мамнун бўлишди. Айниқса, замонавий ошхона, мусиқа зали, ўқув-машғулот хоналари уларда катта таассурот қолдирди.

чуст2_1

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова тантаналарда сўзга чиқиб, кўздан кечирилган ушбу шарт-шароитларга тўхталар экан, жумладан шундай деди:

– Ҳаммамизнинг эсимизда: беш йиллар муқаддам, Чуст туманида 46 та давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эди. Қамров, 24 фоизга ҳам етмасди. Атиги 4 минг 996 нафар бола боғчага қатнарди, холос. Бугун эса, соҳадаги манзара бутунлай ўзгарди: хусусий сектор, мактабгача таълимга дадил кириб келди. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари 184 тага етди, 3 та хусусий, 1 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги МТТ барпо этилди. Айниқса, бу вақт мобайнида ҳар бирининг лойиҳа қиймати ўртача 3 миллиард сўмдан 7 миллиард сўмгача бўлган 17 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилди.

Шундай қилиб, Наврўз айёми арафасида Чуст туманининг “Чустнон-Дўстларобод” ҳамда “Зувутқанд” маҳалларида фойдаланишга топширилган 2 та МТТ ҳисобига тумандаги 3-7 ёшли болалар қамрови қарийб 400 нафарга кўпайди. Умумий кўрсаткич 79 фоизга ёки 16 минг 896 нафарга етганига гувоҳ бўлдик.

                                                                                              Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати раҳбари,

                                                                   “Адолат” СДП фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+