Нажот мактабда, нажот таълимда, нажот билимда

10.02.2022 09:02:16

2022 йил 28 январь куни муҳтарам юртбошимиз раҳбарлигида мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор давомида катта режаларни рўёбга чиқариш учун аввало, таълим сифатини яхшилаш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Президент соҳадаги муаммолар, камчиликларни, қуйи тизим масъуллари олдида турган вазифаларни бирма-бир санади.

Дарҳақиқат, замонавий мактабнинг вазифаси ҳар бир ўқувчининг иқтидорини кашф этиш, ҳар томонлама тартибли, билимли ёшларни тарбиялаб, вояга етказишдан иборат. Энди педагогнинг бурчи 45 дақиқа давомида 20-30 нафар болага бир мавзуни тушунтириш билан чекланмайди. Уларнинг келажакда ҳаётдан ўз ўрнини топишигача бўлган жараёнга ота-оналар билан бирдай масъулмиз.

Ўқувчилар ҳар куни эрталаб мактабга келишади. Уларнинг асосий вақти мактабда – ўқитувчилар бағрида ўтади. Биз шунчаки, иш куни ҳисоблаган вақт болаларнинг шахс сифатида шаклланишида жуда муҳим эканини чуқур англашимиз керак.

Яна бир жиҳат. Замон кун эмас, соат сайин тезлашиб, мураккаблашиб бормоқда. Кечаги билим бугун ва эрта учун етарли бўлмаяпти. Демоқчимизки, педагог ўз устида ишлашдан бир лаҳза ҳам тўхташга ҳақи йўқ. Ўқувчиларимизни ҳам фундаментал билимлар билан биргаликда хорижий тиллар, ахборот технологиялари каби илм билан қуроллантиришимиз зарур.

Мактаб муқаддас даргоҳ, дейилиши бежиз эмас. Бу ерда келажак авлод фақат билим эмас, тарбия ҳам олади. Айнан мактаб таълими ва тарбиясини олган ўқувчи келажакда шахс бўлиб етишади. Бунинг учун чуқур билим, замонавий дунёқараш, теран фикр, ижодий тасаввур ва ташкилотчилик қобилиятига эга устозлар керак.

Муҳтарам юртбошимиз видеоселектор йиғилишида бежиз «Нажот мактабда, нажот таълимда, нажот билимда» дея айтмади. Айнан таълим дунёни ўзгартира оладиган куч ҳисобланади. Таълимни сифатли, натижали амалга ошириш эса ўқитувчи зиммасида.

Йиғилишда «Тақдиримиз муаллимлар қўлида», деб таъкидланди. Бу улкан масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда барчамиз янгиланаётган Ўзбекистон учун янги таълим тизимини барпо этишда бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз талаб этилади.

Шоҳиста НАМОЗОВА,

Халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши депутати,

Жомбой туманидаги 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+