Нега 608 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган?

13.06.2024 10:06:49

2024 йил 12 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда «Адолат» СДП фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Транспорт вазирликларининг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолига қулай атроф муҳитни яратиш, хусусан аҳоли пунктларида «яшил майдонлар»ни кенгайтириш ишларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг тегишли Фармони билан бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўтган йиллар давомида мазкур умумхалқ ҳаракатни амалга ошириш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. 2021 йилдан буён мамлакатда 646 млн 443 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб «яшилмакон.эcо» платформасига киритилган.

Шу билан бирга, амалга оширилган ишлар натижасида 2024 йил баҳорги кўчат экиш мавсумида мамлакат бўйича 138,1 млн туп дарахт кўчатлари экилган. Кўчат экиш ишлари вилоят, туман, маҳаллалар, таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар кесимида манзилли дастурлар асосида йўлга қўйилган.

Жумладан, Экология вазирлиги томонидан ҳар бир туман ва шаҳарларда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос кўчат турларини тизимли етказиб берилишини ташкил этиш мақсадида 747 та кўчат савдо ярмаркаси, 914 та семинар-тренинг ташкил этилган. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан соғлиқни сақлаш муассасаларига Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан 500 минг туп, ўрмон хўжаликлари томонидан мактабгача таълим муассасаларига 618 минг туп дарахт кўчатлари ҳамда мактабларга 2,1 млн. туп қаламчалар беғараз ёрдам тариқасида етказиб берилган. Жорий йилда 377 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилган. Бу билан ниҳолхона ва кўчатхоналар умумий майдони 1,3 минг гектарга етказилган ва жами 120 млн туп ниҳол ва кўчат етиштириш таъминланган.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув объектлари қирғоқ бўйи минтақасида 5,1 млн туп, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан фермер хўжаликлари, боғзор ва токзорлар ҳамда янги тутзорлар барпо этиш ҳисобидан 66,7 млн туп, Транспорт вазирлиги томонидан автомобиль, темирйўл ва метрополитен бўйларида 6,2 млн туп ҳамда Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан аҳоли пунктларидаги уйлар атрофида 0,3 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилган.

Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилиб, 2024 йил баҳор мавсумида қарийб 608 минг туп кўчат суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган жойларга экилгани танқид қилинди. Шунингдек, жорий мавсумда автомобиль ва темир йўл бўйларига дарахт экиш режаси Тошкент вилоятда 29,9 фоизга, Тошкент шаҳрида 32,9 фоизга, йирик саноат корхоналари томонидан экилиши лозим бўлган дарахтлар Бухоро вилоятида 40,5 фоизга, чиқинди полигонлари атрофида иҳота дарахтзорларни барпо этиш 67,7 фоизга бажарилгани эътирозларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари, Давлат дастурига асосан республикада 444 та яшил боғлар барпо этиш вазифаси юклатилган бўлсада, бугунги кунда «Ўрмонлойиҳа» ДУК томонидан 132 та яшил боғнинг лойиҳаси ишлаб чиқилган ва давлат экспертизасига тақдим этилган. Қолган боғлар бўйича ер танлаш ва ажратиш бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари қабул қилинмаган.

Муҳокамаларда депутатлар жойларда парламент ва жамоатчилик назорати тартибида олиб борилган ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда иқлим шароитларига мос бўлмаган дарахт турлари ҳамда кўчатлар доимий сув манбаи бўлмаган ҳудудларда тартибсиз экилганлигини таъкидлаб, кўчатларни экиш, уларни парваришлаш бўйича таклиф ва тавсиялар беришди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+