Нега жамиятда шифокорнинг қадри қолмаяпти?

21.05.2021 21:05:55

Иссиқ жонмиз. Ўзимиз истамаган ҳолатда носоғлом яшаш тарзимиз ёки эҳтиётсизлигимиз оқибатида у ёки бу касалликни “чақириб” оламиз. Шундай вақтда ўз ишининг фидойилари бўлмиш шифокорларга мурожаат қиламиз. Куни кеча ижтимоий тармоқларда музакараларга сабаб бўлган Нишон тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими Нуристон шохобчаси навбатчи врачи бемор билан тортишиб қолган. Видеодан кўринадики, беморнинг ўзи ҳам шифокорни одоб доирасидан чиқишига сабабчи бўладиган гапларни гапирганлиги ҳамда арзимас вазиятларда ҳам телефоннинг камерасини ёқиб инсонни қадр қийматини ерга уриш бизни ватандошларимизга ярашмас.

Қишлоқдаги шифокорнинг ҳолига бир қаранг — мол ҳам боқади, деҳқончилик ҳам қилади, керак бўлса пахса ҳам уради. Ахир у ҳам не умидлар билан 7-8 йил ўқиган. Шу қишлоғимга фойдам тегсин деб қайтиб келган.  Қишлоқда одам йўталса ҳам унга қараб чопади. Яхшиям халқимиз инсон қадрини билади, хизматини қуруқ қўймайди. Укол қилди дея иккита нон қистириб жўнатади. Лекин охирги пайтларда мана шу берганини миннат қилганларнинг бир тоифаси пайдо бўлаётгани жуда ҳам ачинарли ҳол.

Ахир пандемияда жонини инсонлар учун фидо қилган, урушга биринчи кирган шифокорлардир. Биз тиббиёт ходимлари тимсолида халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз. Ҳозирги кунда юзага келган вазият юртимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига катта масъулият юкламоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларининг елкасидаги юкнинг залвори оғирдир. Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқаси қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда.

 

Шаҳло ТУРСУНОВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Нишон туман
Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+