Номзод “Партия патронажи”га ҳамроҳлик қилди

20.11.2019 23:11:37

“Партия патронажи” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар Наманган вилоятида ҳам кенг қулоч ёймоқда. Икки кун аввал “Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов қўнғироқ қилиб қолди. 1-мактабгача таълим ташкилотининг бир гуруҳ ходимлари партиямиз сафига кириш истагини билдиришган экан.

Белгиланган вақтда туман марказидаги асосий кўчалардан бирида жойлашган МТТга етиб бордик. Бизни мудира Манзурахон Нишонова  кутиб олди. Яқиндагина мукаммал таъмирдан чиқарилган боғчанинг кўриниши кишини қувонтиради. Бу ерда 290 нафар кичкинтой тарбияланар экан. Болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Уларга 22 нафар тарбиячи ва 26 техник ходим мураббиялик қиладилар. Машғулотлар “Илк қадам” ўқув дастури асосида ташкил этилмоқда.

Раъно Юсупова, 1-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси:

 – Бундан бир ҳафта илгари “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгашига телефон орқали мурожаат қилгандик. Фақат мен эмас, яна тўрт ҳамкасбим шу партияга аъзо бўлишни истагандик. Орада шундай лойиҳа борлигини ҳам эшитиб қолдик. Мана, бугун мақсадга эришаётганимиздан хурсандмиз.

Шуни айтиш керакки, Раъно ёш бўлишига қарамай, МТТнинг маҳоратли ва изланувчан тарбиячиларидан. Аввал педагогика коллежини битирган, энди эса Наманган давлат университетида таҳсил олмоқда.

“Партия патронажи” тадбирининг яна бир муҳим жиҳати шунда бўлдики, МТТга туман кенгашининг раиси билан бирга халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи етакчиси, туман “Янгиқўрғон ҳаёти” газетаси муҳаррири Дилбар Асқарова ҳам ташриф буюрди. Кенгаш раиси Раҳимжон Тошматов уни боғча ходимларига таништирар экан, сафдошимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олинганлигини маълум қилганида, ҳамма уни олқишлар билан кутиб олди.

Қисқа суҳбат асносида “Адолат” СДП Устави, сайловолди дастури, партия ғоялари ва мақсадлари ҳақида сўз борди. Дилбар Асқарова шу ой бошида ўзи қатнашган “Адолат” СДП Қурултойидан олган таассуротларини гапириб берди. Партия вилоят кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев ҳозир мамлакатимизда давом этаётган сийсий кампания – сайловларга тайёргарлик ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг МТТнинг бир гуруҳ ходимларига партия билетлари топширилди. Улар орасида биз юқорида суҳбатлашган Раъно Юсуповадан ташқари Замира Беришева, Раъно Абдуллаева, Роҳатой Йўлдошева ва Нодира Абдукаримова ҳам бор эдилар. Янги сафдошларимизга Қонунчилик палатаси депутатлигига 53-Янгиқўрғон сайлов округидан номзод Дилбар Асқарова тақдим этди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+