Номзоднинг ишончли вакили – Янгиқўрғонда

23.09.2021 11:09:44

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДПдан номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, вилоят партия Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев жойларда аҳоли вакиллари билан мулоқотларни бошлади. Ана шундай дастлабки тадбир Янгиқўрғон туманида бўлиб ўтди. 61-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда педагоглар, шу атрофдаги маҳаллаларнинг фуқаролари, тумандаги  мактаблар директорларининг маънавият бўйича ўринбосарлари, жами икки юздан ортиқ киши иштирок этди.

Ишончли вакил дастлаб тўпланганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнгра Баҳром Абдуҳалимовнинг  сайловолди дастури ҳақида сўзлаб, унинг мазмун-моҳиятини  таърифлаб берди. Олға сурилган асосий йўналишларга ҳам тўхталди. Кўзда тутилган вазифаларни уддалаш учун қандай ишлар амалга оширилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

 – Номзодимизнинг сайловолди дастури бежиз “Адолат – ҳамма учун!” деб номланмаган, - деди Исроилжон Жўраев. – Чунки инсон дунёга келибдики, ҳамиша адолатга интилади. Мазкур тамойил ҳар бир киши учун ҳаёт мазмунига айланиши муболаға эмас.  Дастурда таъкидланганидай, “Донғи оламларга ёйилган мутафаккир аллома Алишер Навоий “Зинҳорки, зулм риштасини уз, Инсоф ила адл қасрини туз” дея одиллик жамият осойишталиги ва барқарор тараққиётини таъминловчи қудратли куч эканини алоҳида қайд этиб ўтган”. Ишончли вакил ўз сўзини якунлар экан, сайловчиларни “Адолат” СДП номзодига овоз беришга чақирди.

Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгаши депутати Гулчеҳра Усмонова, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова ва бошқалар 24 октябрда ҳар бир киши ўзи танлаган муносиб номзодни қўллаб-қувватлашига ишонч билдирдилар.

Эътиборли жиҳати – тадбир тугаса-да, бир гуруҳ сайловчилар билан мулоқот давом эттирилди. Улар ўзларининг муаммоларини баён этиб, ҳал этишда ёрдам сўрадилар. Кўтарилган масалалар бўйича “Адолат” СДП туман кенгашига топшириқ берилди.

        Нурбек АБДУЛЛАЕВ,     “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+