Норин туманида партиядошимиз дeпутат бўлди

26.07.2022 12:07:18

Одатдагидай, душанба «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашида қисқа йиғилиш билан бошланди. Унда ўтган ҳафта якунлари кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифалар ҳам белгиланди. Кенгаш раиси Исроилжон Жўраев фаолиятни сарҳисоб қилар экан, норинлик «адолат»чиларнинг ютуғини алоҳида таъкидлади. Чунки уларнинг саъй-ҳаракатлари билан туман кенгашидаги депутатлар сони уч нафарга етди ва улар партия гуруҳи мақомини олиш имкониятига эга бўлдилар.

Гап шундаки, ўтган якшанбада бу туманда учта сайлов округида бўшаб қолган ўринлар учун халқ депутатлари туман кенгашига сайлов ўтказилди. Унда партиядошларимиз ҳам қатнашдилар. 14-Бўстон сайлов округида «Адолат» СДП туман кенгаши томонидан Акрамжон Маматов номзоди кўрсатилган эди. Сафдошларимиз сайловолди кампаниясини намунали ташкил эта олдилар. Натижада қўйилган мақсадга тўла эришилди.

Мана, қўлимизда округ сайлов комиссиясининг баённомаси. Маълум бўлишича, овоз беришда 2943 киши қатнашган. Номзодимиз 55 фоиздан кўпроқ кишининг ишончини қозона олган. Бундай кўрсаткич билан тўртта рақибни доғда қолдириш осон эмас, албатта. Акрамжон Маматовни биринчилар қаторида «Адолат» СДП туман Кенгаши раиси Носиржон Ҳасанов бошчилигидаги фаоллар қутлашди.

– Биз номзод танлашда кўпчилик билан маслаҳат қилгандик, - дейди тумандаги партиядошларимиз етакчиси. – Биринчи навбатда унинг жамиятдаги обрў-эътиборини ҳисобга олдик. Ота-оналари эл-юрт ҳурматига сазовор инсонлар эканлиги танловимизда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Рақиблар ҳам ўзига яраша мавқега эга одамлар бўлгани эришилган ютуқнинг аҳамиятини тасдиқлайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, техникум директори, сиёсий партиялардан бирининг туман кенгаши раиси, фермер хўжалиги раҳбари, таниқли тадбиркор. Сайловчилар бизнинг номзодни улардан афзал кўрганликларидан бениҳоя хурсандмиз.

Энди халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайланган партиядошимиз Акрамжон Маматов ҳақида икки оғиз. У қирқ икки ёшда. Ўн йилдан бери «Бўстон» муқобил машина-трактор паркининг раиси. Аввал фермер хўжалигини бошқарган. Ўрта махсус маълумотли. Учқўрғон режа-иқтисодиёт техникумини ҳисобчилик йўналиши бўйича битирган. Аслида бундай одамларни суяги деҳқончиликда қотган, дейишади. Қишлоқ хўжалигини, одамлар билан ишлашни яхши билгани учун у раҳбарлик қилаётган «Бўстон» доим илғорлар сафида. Бу йилги пилла ва ғалла етиштириш бўйича шартномалар муваффақиятли адо этилди. Пахта ҳосилининг чўғи ҳам ёмон эмас. Энди депутат сифатидаги фаолияти ҳам Акрамжонга яна обрў-эътибор келтирса ажаб эмас.

Дарвоқе, бир ҳафта илгари наманганлик «адолат»чилар халқ депутатлари вилоят кенгашида ҳам битта ўринга эга бўлган эдилар. Август ойида яна қатор туманларда оралиқ сайловлар бўлиши кутилмоқда. Уларда ҳам сафдошларимизга омад тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, 

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+