Нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони

11.09.2019 09:09:25

Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони    

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, нотариал хизматлар кўрсатишнинг тезкорлигини ошириш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, жумладан, хусусий мулк эгалари ўз мулкини эркин тасарруф этиши ва ундан фойдаланишида ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича қатор мақсадли вазифаларни амалга ошириш замон талабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Нотариат институтини рақамлаштирилган моделга ўтказиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан нотариат соҳасини тартибга солиш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилганлиги ва унда қуйидаги имкониятлар мавжудлиги маълумот учун қабул қилинсин:

барча нотариал ҳаракатларни ахборот тизим орқали онлайн тарзда мониторинг қилиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда фуқароларнинг шахсини аниқлашда замонавий текшириш усулларидан фойдаланиш;

нотариал ҳаракатларни ахборот тизимда мажбурий қайд этиш ва ҳар бир ҳужжатга такрорланмайдиган махсус рақам бериш, шу орқали суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш;

бажарилган нотариал ҳаракатларни ягона электрон базада қайд қилиш, сохта нотариал ҳужжатларнинг расмийлаштирилишига йўл қўймаслик ва ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар тарихини сақлаш;

мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб экстерриториаллик тамойили асосида нотариал хизматларни кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, ходимлар томонидан ўз функционал вазифаларининг лозим даражада бажарилиши устидан масофадан туриб назорат қилиш;

нотариал ҳаракатлар учун тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш ва электрон тўловларни ўтказиш, уларни тасдиқловчи хабарлар юбориш ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларни умумлаштириш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тегишли давлат органлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимини техник таъминлаш ва юритишга масъул орган этиб белгилансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки:

давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш адлия органларида нодавлат нотариал идораларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, фаолият юритаётган нотариусларга уларнинг аризаларига асосан нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш орқали амалга оширилади;

тегишли нотариал округда қонун ҳужжатларига мувофиқ етарли миқдордаги нодавлат нотариал идоралар ташкил этилгунига қадар давлат нотариал идоралари ўз фаолиятини давом эттиради;

нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат нотариал идоралар нотариусларининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанади;

нодавлат нотариал идораларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш адлия органлари томонидан амалга оширилади.

3. Қуйидагилар нодавлат нотариал идоралар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божи суммасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда нодавлат нотариал идораларда қоладиган қисми;

ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатларни амалга оширганлик, шунингдек, нотариатнинг фаол модели доирасида хизматларни кўрсатганлик учун олинадиган тўловлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

Қуйидагилар Ўзбекистон Нотариал палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариат ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек, нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш;

ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариал идоралар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда нотариусларга услубий ёрдам кўрсатиш;

аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш;

 

давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда
ва бошқа ҳолларда нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

 

нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳамда уларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларига таклиф киритиш.

5. Белгилансинки, Ўзбекистон Нотариал палатаси:

нотариал идоралар нотариусларини бирлаштирувчи республика нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади;

нотариусларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида иш юритади;

нотариусларнинг кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Нотариал палатаси билан биргаликда:

нодавлат нотариал идоралар нотариуслари томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан тизимли ва қатъий назорат ўрнатсин;

уч ой муддатда мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб ҳамда нодавлат нотариал идоралар фаолиятини ҳар томонлама тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. 2019-2021 йилларда Нотариат институтини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. 2020 йил 1 январдан мол-мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда қуйидаги талаблар бекор қилинсин:

қурилиши тугалланмаган уй-жойларни бошқа шахсга ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш;

васийликдаги шахс номидан мол-мулкларни ижара (аренда)га беришда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатини олиш (бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор этиш шарти билан).

9. Қуйидаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинсин:

2019 йил 1 октябрдан – транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани;

2020 йил 1 январдан – юридик шахсларнинг, хусусан банк ва бошқа кредит ташкилотларининг корхонани ижара ва текин фойдаланишга бериш ҳамда бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олишда ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини. Бунда, гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар банк ва бошқа кредит ташкилотларига мазкур бандда назарда тутилган гаров (ипотека) шартномалари доирасида тақиқ қўйиш ва тақиқни ечиш имкониятларини яратиш бўйича таклиф киритсин.

10. 2020 йил 1 январдан қуйидаги нотариал ҳаракатлар жорий этилсин:

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш (гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олиш, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ва гувоҳлантириш, экспертиза тайинлаш, Интернет тармоғидаги фактларни тасдиқлаш);

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, шу жумладан, мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш;

яратилган муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.

11. 2020 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотларни фақат Мажбурий ижро бюроси ахборот тизими орқали онлайн режимда текшириш тартиби ўрнатилган ҳолда, тегишли коммунал ташкилотлардан бундай қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш талаби бекор қилинади;

битимлар бўйича тарафларнинг тўлов мажбуриятларини бажариши ихтиёрий равишда нотариус депозити орқали амалга оширилади. Бунда кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда муайян қарздорликлар аниқланганда, уларни тегишли маблағни нотариус депозитига ўтказиш орқали тўлаш ёки уларнинг асослилигини текшириш имконияти мавжуд бўлади;

битимларни нотариал тасдиқлашни тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб хизмат кўрсатиш орқали видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш имконияти яратилади;

очиқ ахборот тизимига жойлаштирилган нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади ва давлат органи ёки мансабдор шахс уларни тан олишдан бош тортиши тақиқланади;

республика ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар асосида нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ушбу аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларни тақдим этмасдан, уларни ноёб рақам орқали текширтириш имконияти яратилади;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш истагини билдирган шахсга нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган ҳужжат нусхаларини нотариал идорага электрон тармоқ орқали олдиндан жўнатиш йўли билан электрон навбат олиш ва тегишли ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш имконини берувчи хизмат жорий қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёрдамида электрон мурожаат юбориш орқали идоравий нотариал архивда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг электрон имзо билан тасдиқланган нусхасини олиш имконини берувчи хизмат тақдим этилади.

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

а) 2020 йил 1 январгача, эксперимент тариқасида, соҳага замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда камида 2 тадан ва Тошкент шаҳрида камида 5 та нотариал идораларда нотариал идорага келмасдан туриб:

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган битимларни (ижара ва текин фойдаланишга бериш шартномаларини, бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномаларни), ижро хатларини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлашни электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда расмийлаштиришни;

аризаларни (прописка қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик аризаларини ва мажбуриятномаларни) электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ҳамда видеоконференцалоқа орқали расмийлаштиришни жорий этсин.

Бунда, масофадан туриб хизмат кўрсатиш орқали расмийлаштирилган ҳужжатнинг асл нусхасини буюртмачига курьер хизмати орқали етказиб бериш имконияти таъминланиши йўлга қўйилсин;

б) эксперимент натижалари асосида 2021 йил 1 январга қадар ушбу амалиётни барча нотариал идораларга татбиқ этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аҳолига кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар сифатини доимий баҳолаб бориш, рейтингларни аниқлаш, шунингдек, “сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш орқали давлат хизматлари марказлари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ҳамда нотариал идоралар ходимлари томонидан содир этиладиган суиистеъмолчиликларни аниқлаш мақсадида профессионал консалтинг фирмаларини шартнома асосида жалб қилиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги идоравий нотариал архивларда сақланаётган кўчмас мулк ҳуқуқининг вужудга келишини назарда тутувчи битимларни рақамли кўринишга ўтказилиши ҳамда ягона электрон нотариал архив фонди шакллантирилишини 2024 йил 1 январга қадар якунласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

    Президенти                                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 9 сентябрь

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+