Ноёб ҳодиса: сиёсий партия Вазирлар Маҳкамасига қарши чиқди

05.08.2019 14:08:10

Яқин тарихда илк бор сиёсий партия ижроия ҳокимиятнинг қарорига қарши чиқиб, бу қарорни очиқчасига "ижтимоий адолатсизлик ва дискриминация" деб айтишга журъат этди.

Гап нима ҳақида ўзи: ЎзА хабар беришича, 18 июл куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига қарши чиқдилар.

"Адолат"чиларнинг фикрича, мазкур қарор жамоатчилик фикри ўрганилмасдан, кенг муҳокама қилинмасдан қабул қилинган. Депутатларнинг айтишича, қарор транспортлар ҳайдовчилари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган бўлса ҳам, атиги 0,04 фоиз бадавлат ҳайдовчиларга шароит яратилган.

"Тонировка"га рухсат бир йилга:
- жисмоний шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари (18 245 700 сўм);
- юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (24 327 600 сўм);
- Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари (28 382 200 сўм) миқдорида белгиланган.

Фракция аъзоларининг фикрича, ҳукуматнинг бу қарори ижтимоий адолатсизлик ва дискриминация ҳисобланади.

"Шуми халқимизга қулай шароит яратиш мақсадида қабул қилинган қарор натижаси ва қамров даражаси? 18 245 700 сўмни тўлашга қурби етмаган 99,96 фоиз ҳайдовчиларга ким шароит яратади?", – дея риторик савол қўйган депутатлар.

Депутатлар мазкур қарор кўзланган мақсадга хизмат қилмади ва ўз вазифасини бажара олмади деб ҳисоблайди.

"Адолат" партияси нима таклиф қилаяпти:

ушбу қарордаги тўлов миқдорини аҳолининг реал даромадларидан келиб чиққан ҳолда анча пасайтириш,
автомобил йўловчилари ва айниқса ҳайдовчиларни тўғридан-тўғри тушувчи ултрабинафша нурлардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамда мутлақо бепул ва барча бирдек фойдаланиши учун Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандида транспортнинг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигига белгиланган 70 фоиз чегирмани 55 фоизгача тушириш таклиф қилинди. Бу таклиф қабул қилинса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади.

19 июл куни Вазирлар Маҳкамасига фракцияда кўтарилган масалалар бўйича таклифлар юборилди ва амалга оширилган ишлар бўйича 1 августгача Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этиш сўралди.

"Адолат" партияси фаоллашганининг сабаблари нимада? Ўзбекистон шароитида жуда долзарб ҳисобланган "тонировка"дан фақат бойлар фойдалана оладиган қилиб қўйилгани жамиятда жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бу мавзуда авваллари жамиятдаги кайфиятга лоқайд бўлган сиёсий партия муносабат билдиришининг икки сабаби бўлиши мумкин:

Бу мавзу аллақачон ижроия ҳокимият тузилмаларида муҳокама қилинаётган бўлиши мумкин. Аввалроқ бу мавзуда президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари, Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров ҳам ўз фикрини билдириб, бу мавзу қайта кўриб чиқилаётганига ишора қилган эди.

2019 йил декабрида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайлов бўлиб ўтади. Ислом Каримов даврида чиғириқдан ўтиб сайланган депутатларнинг аксарияти бу галги сайловда сайланмай қолиши мумкин. 

"Тонировка" масаласи ўзининг мавжудлигини эслатиб қўймоқчи бўлган ҳар қандай партия ёки депутат учун қулай ва хавфсиз баҳонадир.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+