Нуфузи тобора ортиб бораётган Ўзбекистон

30.05.2024 16:05:58

Фахр ва ифтихор билан айтишимиз мумкинки, сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий соҳаларда мисли кўрилмаган натижаларга эришди. Дунё ҳамжамиятининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлиб, жаҳондаги ривожланган давлатлар билан йил сайин ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26 май куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келиши, Кўксарой қароргоҳида ҳар икки давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви ҳам мамлакатлар аро ҳамкорликнинг янги босқичи учун замин яратди.Ташриф давомида энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди. Россиянинг Ўзбекистонга газ ва нефть етказишни кўпайтириши ва Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича битимлар ҳам имзоланди.

Нуфузли анжуманда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этгани истиқболли ҳамкорликнинг янги тараққиёт манзилларига замин яратади.

Музокаралар расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этиши ҳар икки давлат ва халқи томонидан кузатиб борилди. Унда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровлик стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилингани эътирофга сазовордир.

Айтиб ўтиш ўринлики, Фарғона вилоятида бугунги кунда россиялик ҳамкорлар билан текстиль, энергетика, нефть саноати, мебелсозлик, хизматлар соҳаси ва шаҳарсозлик масалаларида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Фарғонада Россия капитали иштирокида 170 дан зиёд корхона фаолият олиб бормоқда. 2023 йил якунлари бўйича вилоятимизда амалга оширилган 25 та лойиҳага жами 340 миллион доллар тўғридан-тўғри Россия инвестицияси жалб қилинган бўлиб, Риштон туманида «Kosto Line Holding» МЧЖ хорижий корхонаси томонидан барпо этилган, лойиҳа қиймати 32 млн.доллар бўлган, 600 дан зиёд иш ўрни яратилган янги корхонани алоҳида мисол қилиб келтириш мумкин. Бугунги кунда россиялик ҳамкорларнинг сармоялари ҳисобига умумий қиймати 227 млн.доллар бўлган 20 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу ҳамкорликлар албатта ҳар икки давлат тараққиёти, халқининг фаровонлиги ва бирдамлиги йўлидаги эзгу ва кафолатли бирдамлик нишонасидир. Бу ҳамкорлик келишувларини Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши, фаолларимиз ва депутатларимиз халқимиз билан бирга мамнуният билан қарши олдилар.

Халқаро майдонда ўзлигини намоён этаётган Ўзбекистоннинг яна бир муҳим ютуқлари мамлакатимиз тараққиётига муносиб хизмат қилишига ишонаман.

Шаҳноза Ғаниева,
«Адолат» СДП
Фарғона вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+