Нурли ва чароғон келажак сари

03.06.2021 18:06:49

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига қилган ҳар бир ташрифи янги ривожланиш йўли, ижтимоий-иқтисодий, инфратузилма соҳаларидаги ўсишини белгиловчи катта миқдордаги қўшимча ресурс деганидир. Энг юқоридан қуйи қатламларга маҳалла фуқаробай ишлаш механизмларининг самараси аҳоли ҳаётида юқори даражада акс этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг воҳамизга амалга оширган ташрифи моҳиятида ҳам, аввало шу ерда яшаётган юртдошларимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, уларни ишли қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган масалалар ечими мужассам эди.

Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти йилдан йилга ўсиб бормоқда ёки оддийроқ айтганда аҳолининг даромадлари ўсиши, саноат, бизнесдаги муваффақиятларга ҳамоҳанг жамиятда электр энергиясига бўлган талаб ҳам кундан кунга ортиб бораётгани барчага маълум. Албатта, ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун янги истиқболли лойиҳалар зарур. Қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш эса жаҳон мамлакатлари олдида турган асосий масалалардан биридир. Ҳозирги иқтисодий инқироз шароитида йирик лойиҳаларни амалга ошириш қийин бўлиб турган бир вазиятда бизнинг Шерободда мазкур лойиҳанинг бошланиши, албатта, тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг воҳамизга ташрифини айни мана шу лойиҳага старт беришдан бошлагани барчамизни қувонтирди. Бунда ҳам ўзига хос маъно мужассам. Зеро, электр энергия бошқа соҳа ва тармоқларни ривожалантирувчи, ҳаракатга келтирувчи кучдир. Қолаверса қуёшдан электр-энергия олиш бу нафақат иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли учун қулай, балки экологик тоза маҳсулот, табиатга ва унинг бойликларига инсоний ёндашув дегани ҳамдир. Бу ёндашув билан воҳанинг ўзида 340 миллион куб. метр газ тежалиб, энг камида 350 минг хонадон электр энергияси билан таъминланиши кўзда тутилмоқда. Албатта, бу лойиҳани амалга оширилишини ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Бу эса Сурхондарё аҳолиси учун жуда катта имкониятдир. Бунда ҳар бир киловатт соат электр энергияси 1,8 цент нархида сотиб олиниши имконияти пайдо бўлади. Бу эса вилоятимиз иқтисодиёти учун ютуқ бўлиб, аҳолига қулай имкониятлар яратади.

Лойиҳа доирасида туманда Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси  томонидан  601 гектар майдонда қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.

Президентимиз иштирокида ўтказилган видеоконференция давомида  Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига тамал тоши қўйилди. Ушбу фотоэлектрстанция қуввати ҳар йили қуёшдан 1,4 миллиард киловатт соат электр-энергия ишлаб чиқаради. Бу 350 мингдан зиёд хонадонни электр билан таъминлаш учун етарли деганидир.

Ҳа, қуёшдан электр энергия олинадиган мазкур лойиҳанинг бугун тамал тошининг Президент томонидан қўйилиши  Сурхондарё аҳолиси учун тарихий воқеа бўлди. Бу лойиҳанинг ишга туширилиши қанчалаб иш ўринларининг яратилишига асос бўлади. Воҳа ёшлари иш билан таъминланади. Бизни қувонтирган яна бир жиҳати шуки, ушбу соҳага чет эллик инвесторларнинг  қизиқиши кучайганлигидир. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида улар юртимизга жуда катта миқдорда инвестиция киритишмоқда. Бу эса яқин кунларда ўз натижасини бериши шубҳасиздир. Ушбу лойиҳалар мамлакатда тобора ортиб бораётган электр-энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш учун  2030 йилга қадар 2,5 гегаваттгача экологик тоза қуёш энергиясини ишлаб чиқариш стратегиясининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бундай яшил лойиҳаларни амалга ошириш қандай иқтисодий самара бериши, қайта тикланадиган манбааларнинг мамлакат энергетика тармоғига қўшилиши ва иқлимга салбий таъсирини камайтиришини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунингдек, дастурга кўра бу ерда сув таъминоти, санитария, туман иситиш тизимларини ривожлантириш каби мақсадлар ҳам кўзда тутилган. Умид қиламизки, яқин келажакда халқимиз турмуш фаровонлиги янада яхшиланиб, чекка қишлоқларимиз кўчалари узлуксиз электр нуридан ёруғ ва чароғон бўлади.

Шоҳида ХОЛЛИЕВА,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+