Обуна нима?

24.05.2021 12:05:17

Обуна сўзининг луғавий маъносини излаб эрта саҳардан Google  тармоғидан анча ёзиб ҳам топа олмадим. Ҳаракатим зое бўлди. Ёки тилшунос олимларимиз бунга эътибор беришмаган ёки мен хотирамни яхши ишлата олмадим.  Бу сўзнинг луғавий маъноси,  қайси тилдан келиб чиққан,  қандай ўзгаришга учраган,  (ҳар қандай сўз вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин,  қадимги китобларимиздаги сўзлар бунга мисол),  қанақа ўзаги бор,  шулар ҳақида фикримни кенгайтирмоқчи эдим.

Ахир ҳар қандай сўзнинг келиб чиқиши,  шу тил бағрида эмин-эркин ишлатилиши тарихи,  ишлатилиш соҳаси,  даврлари,  ва ҳоказолар бор. Ҳеч қандай сўз бекорга пайдо бўлмаган. Касб эътибори нуқтаи назаридан журналист бўлганлигим учун бунга ҳаққим бўлса керак. Асло мажбурий обуна ҳақида эмас. Чунки унинг, яъни  обунанинг ичида, борингки,  газета ва журналлар, китоблар ичида ўсганмиз. Онгимизни шулар сеҳрлаган. Интернет ичида эмас. Чунки бу сўз аввалдан бизнинг соҳада қўлланилган. Бу сўзни ишлатамизу,  маъносини ўйламаганмиз.  

Қисқача айтганда, обуна ахборот соҳасида ишлатилади. Рус тилида “подписка” деб ишлатилади. Масалан,  телеграмда “подписчик” сўзи ишлатилади. Яъни телеграм тармоғида қанчадир обуначиларга эга каналлар,  гуруҳлар ўз иш фаолиятини давом эттиради. Биз ҳаммамиз бугун обуначимиз, чунки телеграм иловаси бўлмаган телефонлар камайиб бормоқда. Қизиқувчилар кўп. Функциялари кам телефонлардан қиммат телефонлар афзал кўрилмоқда. Ҳамма ахборот ғала-ғовурига ўзининг “отини”  ҳайдагиси ва “улоғини” тортиб олиб чиққиси келади. Бунинг устига интернет сайтлари,  фейсбук,  инстаграм,  твиттер,  тик-ток ва алламбалолар. Инсон ақли билан ўйлаб топилиб, дунё  дастурчилари томонидан “шипиллаб”  ишлаб чиқилаётган бу илова,  тармоқ ва ҳоказолар ахборот майдонини эгаллаяпти.

Дарвоқе,  обуна масаласида. Ахборот кўз орқали ёки қулоқдан каллага кирар экан,  ўз жойини излайди. Сиз нимага обуна бўлар экансиз,  шу ахборотнинг таъсирида юрасиз. Қўл телефонлари,  компьютерлар,  вай-фай,  газета,  журналлар ва ҳоказо. Бунда инсоннинг ихтиёри ўзида. Аммо XXI асрнинг хулосаси шуки,  ахборот инсон онгида тўлиб боради.  Ахир онг ҳам бир идишга ўхшайди.  У ҳам бир куни тўлади.  Лекин нима билан? Нима билан тўлади-ки, мактабга ҳам телефон олиб бормаса бўлмайдиган боланинг қалби?  Нима билан тўлади-ки ҳар хил ахборотларга кириб кетаётган,  шу ахборотнинг таҳлили,  инсон қалби ва тафаккурига таъсирини чамалай олмайдиган ёшнинг қалби.

Менимча,  дунёда ҳамма нарса қалб,  инсон қалби билан боғлиқ. Биз қалб овозига қулоқ соламиз. Қалбимиз қандай сўзлар таъсирида?

Мен бу мавзуни ёзишимга сабаб, биз ёшларни қўллаб-қувватлаб,  ташкил этган ва дарс ўтаётганимиз тумандаги  “Ёш журналист ва нотиқлар тайёрлаш маҳорат клуби”да  бир ўқувчи менга қанақа ахборотлар билан ишлаш ва уларнинг соҳамиз учун зарурати ҳақида савол берди.  Чамаси,  гап шеърият ва шеър қоидалари ҳақида кетаётганди. Мен унга қофия ва вазннинг маҳорати ҳақида жичча сабоқ бердим. Ва қайси шоирлардан бу борада ўрнак олиш, шеър қоидаларини ўрганишни тушунтирдим. У эса “Устоз,  интернетдан изласам бошқа нарсалар чиқиб келавераяпти”,  деди.  Демак,  интернет ёшларимиз учун номаълум дунё,   сарҳад. Мана,  ахборот ва инсон чегараси. Мана, қўпол сўздай ишлатилсаям, обуна. Демак,  биз қайсидир ахборот,  матнга,  видеога,  аудиога телефонда яқинлашаётиб,  унга айланиб қолаётганимизни англамаймиз. Биз бу бўйича ёшларга тўғри йўл кўрсатишга масъулмиз.

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати,

“Пайариқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+