Очиқ мулоқотда муаммолар ойдинлашди

11.02.2022 09:02:35

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 9-сайлов округидан халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутатлигига сайланган Дониёр Юсупов ўз сайловчилари билан навбатдаги учрашувини ўтказди.

Депутат 2021 йил якунлари бўйича сайловчилари олдида ҳисоб бериб, халқ ноиби сифатида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилганию, ижобий ечимлари ва ечилмаган муаммоларнинг сабаблари тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда ҳудуддаги «Маърифат», «Фидокор», Мирзо Улуғбек маҳаллалари раис, ўринбосарлари, янги тайинлаган ҳоким ёрдамчилари ва маҳалладаги кўчабошилар, фаоллар, оқсоқоллар ҳам иштирок этишди.

Сайловчилар билан очиқ мулоқот эркин-савол жавоблар тарзида кечди. Шунингдек, депутат 2022 йил режалари, маҳалла аҳлини қийнаётган ва назардан четда қолиб келаётган муаммолар билан ҳам ўртоқлашди. Кўп йиллардан бери эътибордан четда қолаётган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, Мирзо Улуғбек маҳалласидаги «Бинокор» ва Қорамурт кўчалари кесишмасига светофор ўрнатиш бўйича мурожаатлар ечими ўрганилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 26 январдаги «Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қарори йиғилганларга тушунтирилди.

Ташаббуси бюджет жараёнида фуқаролар томонидан «офлайн» тарзда иштирок этиш тартиби бекор қилиниб, интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд бўлмаган шахслар учун маҳалла ва овулларда ташкил этилган «ташаббускорлар бурчаги» орқали ўз таклифларини билдиришлари ёки овоз беришлари жорий этилаётгани ҳақида маълумот берилиб, шу ернинг ўзида ҳар бир маҳалладаги энг долзарб масалалар муҳокама этилди ва кўпни кўрган нуронийлар билан келишилган ҳолда ҳар бир маҳалла томонидан «Очиқ бюджет» портали орқали таклифлар қолдиришга келишиб олинди.

Ҳисобот учрашувининг давоми сифатида, депутат мададидан умидворлик билан қилинган мурожаатлар жойига бориб ўрганилди. Айнан муаммо сифатида кўтарилган светофор масаласининг қай даражада жиддий эканлиги масъуллар билан биргаликда текшириб кўрилди. Депутат масала юзасидан «Қибрай йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари Ш.Зайниддиновга депутат сўровини жўнатди.

«Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+